Ссылки доступа

"Қодировчилар" суди: Айрим судланувчилар тергов пайтида қийноқларга тутилганини иддао қилди


Ўзбекистон собиқ Бош прокурори Рашитжон Қодиров ва унинг жиноий шериклари деб кўрилаëтган яна 12 нафар собиқ мулозим устидан Юнусобод судида ўтаётган ёпиқ жараёнда 17 апрель куни кўрсатма берган судланувчилардан айримлари тергов пайтида жисмоний ва руҳий қийноқларга тутилганини даъво қилган.

Бу ҳақда суд жараёнида иштирок этаётган бир-биридан мустақил икки шахс маълум қилди.

Ёпиқ суд жараёнида бўлган шахслардан бирининг маълум қилишича, 17 апрель куни кўрсатма берган судланувчи Улуғбек Суннатов (Бош прокурор собиқ ўринбосари) суд раисига тергов пайтида уни дастлаб резина таёқ билан калтаклашгани, аммо қўйилган айбловларга иқрор бўлмагач, унинг моякларига электрошок юборишганини сўзлаб берган.

“Бунга чидай олмаган Суннатов ўзини осмоқчи бўлгани, лекин ҳибсхона нозирлари билиб қолишганини айтди. Кейин тарбия бериб қўйиш мақсадида ҳибсхона нозирлари уни беш кун давомида қип-яланғоч қилиб, карцерга ташлашибди экан. У суд раисидан уни тергов қилган терговчи Ёрқин Абдуллаевни судга чақириб, ундан кўрсатма олишни сўради”,- деди суд жараёнида қатнашаётган шахс.

Унинг бу сўзларини тасдиқлаган судда бўлган бошқа бир шахс кейин яна бир судланувчи - Бош прокуратуранинг Иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи собиқ ўринбосари Улуғбек Хуррамов кўрсатмаси тингланганини айтди.

Унга кўра, Улуғбек Хуррамов терговчилар унинг ёш қизини "подвалга тиқиб қўйиш" билан таҳдид қилганларидан кейингина собиқ бош прокурор Рашитжон Қодировга қарши кўрсатма беришга мажбур бўлганини иддао қилган.

У, шунингдек, тергов пайтида терговчилар уриб унинг бир қўли ва бир оёғини синдириб ташлашганини айтган.

Роппа-роса бир ҳафта муқаддам, яъни 11 апрелда Ўзбекистон Бош прокуратураси Amnesty International мурожаатига жавобан собиқ бош прокурор Рашитжон Қодировга нисбатан қийноқлар қўлланилганини рад этган эди.

7 январь куни бошланган суд жараёнига ҳаттоки судланувчилар яқинлари ҳам қўйилмаëтир.

Рашитжон Қодиров ва аксар судланувчилар¸ Бош прокуратура расмий хабарига кўра, Ўзбекистон Жиноят кодексининг "Товламачилик" (165-моддаси), "Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш" (205-модда) ва "Пора олиш" (210-модда) моддаларида кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

XS
SM
MD
LG