Ссылки доступа

ТИУП етакчиси: давлат фойдасига мусодара қилинадиган мулклар бизга тегишли эмас


Душанбе шаҳар суди Тожикистон бош прокуратураси ва ТИУП етакчиси Муҳиддин Кабирийнинг қариндошларига тегишли бўлган қурилиш фирмаси томонидан қурилган биноларнинг эгалари ўртасидаги баҳсни кўриб чиқишга киришди.

Бош прокуратуранинг фикрича, Тожикистон Олий судининг Тожикистон Ислом Уйғониш партияси(ТИУП) етакчиси Муҳиддин Кабирийга нисбатан чиқарган ҳукми доирасида 20 дан ортиқ хонадон ва бир нечта дўконлар давлат фойдасига мусодара қилиниши керак.

Ўтган йилнинг октябр ойида Тожикистон Олий суди Муҳиддин Кабирийни сиртдан узоқ муддат қамоқ жазосига ҳукм қилган эди. "Суд мажлиси ёпиқ режимда ва судланувчининг иштирокисиз бўлиб ўтди", -дея хабар берди Тожикистон олий судидаги манба. Маълум бўлишича, суд Кабирийни Тожикистон Жиноят кодексининг 15та моддаси бўйича, жумладан 305 («Ватанга хиёнат»), 306 («Ҳокимиятни куч билан эгаллаб олиш ёки ҳокимиятни куч билан ушлаб туриш») ва бошқа моддалари бўйича айбдор деб топди. Суд, шунингдек, ТИУП етакчисининг мол-мулкини мусодара қилиш борасида қарор қабул қилди.

Тожикистон бош прокуратурасининг фикрича, 20 дан ортиқ хонадон ва дўконлар ҳамон Муҳиддин Кабирий ва унинг фарзандларига тегишли, аммо улар бошқа инсонларнинг, жумладан ислом партияси раҳбарининг узоқ қариндошлари номи билан рўйхатдан ўтган. Ўтган йилнинг ноябр ойида пойтахтдаги Шоҳмансур туман суди Бош прокуратура даъвосини қисман қаноатлантирди. Бироқ, хонадон эгалари суд қарорига рози бўлишмади ва Душанбе шаҳар судига шикоят аризаси билан мурожаат қилдилар.

Дўконларнинг эгалари Низомиддин Насриддинов, Шохин Нарзуллоев ва Жамшед Нарзуллоевлар туман суди қарорига норозилик билдиришди. Уларнинг сўзларига қараганда, ўзлари бу мулкларга қонуний йўллар билан эгалик қилишади, олди-сотди шартномаси нотариус орқали расмийлаштирилган.

ТИУП етакчиси Муҳиддин Кабирий 18 апрел куни баёнот бериб, ТР Бош прокуратураси давлат ҳисобига мусодара қилмоқчи бўлган мулклар ўзининг оиласига тегишли эмаслигини айтди. «Тожикистон расмийлари менинг мол-мулким тўғрисида тўла маълумотга эга – мен ҳар йили даромадларим тўғрисида декларация тўлдирганман. Улар менинг фарзандларимга тегишли мол-мулкларни ҳам жуда яхши билишади. Давлат ҳисобига мусодора қилинмоқчи бўлган хонадон ва дўконлар бошқа одамларга тегишли ва уларнинг бизнинг оилага мутлақо алоқаси йўқ», - дея баёнот берди Кабирий, ҳамда Шоҳмансур туман судининг қарорини ноқонуний ва “жамоавий жазолаш”дея ҳисоблашини айтди.

Эслатиб ўтамиз, Муҳиддин Кабирий 2015 йилда Тожикистонни тарк этган. Ўша йили ТИУП террор ташкилоти дея эълон қилинган ва мамлакатда фаолияти тақиқланган. Бу ҳодиса мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари Абдуҳалим Назарзода томонидан уюштирилган қуролли исённинг муваффақиятсиз якунланганидан сўнг юз берди. Исённи ташкилаштиришда Тожикистон ҳукумати ТИУПни айблади.

XS
SM
MD
LG