Ссылки доступа

Ўзбекистон ва Қозоғистон ягона Silk Visa визасининг деталларини ишлаб чиқмоқда


Ўзбекистон ва Қозоғистон шу йилнинг феврал ойидаёқ Европанинг Шенгенига ўхшаш – ягона Silk Visa визасини жорий қилишни режалаштирган эди, унга кейинчалик минтақадаги бошқа давлатларнинг ҳам қўшилиши назарда тутилган.

«Туризмни ривожлантиршга маъсул бўлган ўзбек ва қозоқ муассасалари, айни дамда Silk Visaни ишга тушириш учун фаол иш олиб бормоқда. Бунинг шу кунга қадар ишга туширилмаганининг бош сабаби – икки мамлакатда бошқа давлатлар билан визасиз режим масаласида турлича ёндашувлар мавжудлигидадир. Қозоғистонда визасиз режим бўлган ўз рўйхати бор, бизда ҳам ўз рўйхатимиз мавжуд. Бундан ташқари, Қозоғистонда бизнинг электрон визамизга ўхшаш аналог бор ва у ерда ҳам бу имкониятлардан фойдаланиши мумкин бўлган давлатлар қайд қилинган. Энг асосийси бу давлатларни бизга жалб қилишдир», – дейди Ўзбекистон Туризм Давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи Улуғбек Қосимхўжаев маҳаллий ОАВ вакиллари билан суҳбатда.

Экспертнинг қўшимча қилишича, яна битта мавжуд масала бор – у ҳам бўлса визалар нархидир. «Қозоғистон визаси бошқа нархда бўлса, бизники бошқа баҳода. Биз мана шуни мувоффиқлаштиришимиз керак. Биз ҳозир бу деталлар устида иш олиб бораяпмиз. Аммо бу ерда бир нарсани ангаб етишимиз керак, бу визаларни жорий қилиш энг юқори даражада тасдиқланган ва бизларнинг ҳаммамиз, жумладан чегара қўшинлари бу масала устида ишлаяпмиз», –дея таъкидлайди амалдор.

Визаларни жорий қилиш муддатлари ҳақида гапирган Улуғбек Қосимхўжаев, аввал белгиланган муддатлардан ортда қолишаётгани тан олди, шу билан бирга мамлакат раҳбарларининг Silk Visaни жорий қилишда сиёсий иродаси мавжудлигини, бу йўналишда катта ишлар қилинганини таъкидлаб ўтди. Эндиликда маъсул идоралар қолган масалаларни ҳал қилишлари керак бўлади.

Бундан аввал, Silk Visa лойиҳасига Қирғизистон ва Тожикистон қўшилишга тайёр экани, Туркманистон эса ҳозирча ўйлаб кўраётгани ҳақида маълум қилинган эди. Шунингдек, бу ташаббусга Туркия ва Озарбайжоннинг қўшилиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилмоқда.

Экспертларнинг фикрича, ягона визаларнинг жорий қилиниши нафақат Қозоғистон ва Ўзбекистонда туризмнинг ривожланишига туртки беради, балки бир вақтнинг ўзида Марказий Осиёдаги барча мамлакатлардаги диққатга сазовор жойларни кўриш учун узоқ хориждан сайёҳларнинг келишига омил бўлади.

XS
SM
MD
LG