Ссылки доступа

Бизнесмен Жалил Атамбаев “Азаттиқ” мухбири устидан 715 минг долларлик даъво аризасини берди


Истеъфодаги милиция полковниги, бизнесмен Жалил Атамбаев унинг хуфёна бизнесини суриштирган “Азаттиқ” радиосининг қирғиз хизмати мухбири Идирис Исаков устидан судга ариза берди. У журналистдан 50 млн сом (715 минг доллар) ундириб берилишини сўрамоқда.

Жалил Атамбаев, шунингдек, сюжетда қонун бузилишлари ҳақида маълумот берган Мирлан Маматов ва Марат Сайбидиновдан 5 млн сом ундирилишини сўраган.

17 апрел куни «Азаттиқ» қирғиз тилида “Ўш: Солиқдан бўйин товлаган “ишбилармонлар” деб номланган суриштирувларни эълон қилди. Унда Ўшда тадбиркор Жалил Атамбаев сиймосида солиқлардан бўйин товлаш фактлари ҳақида сўз юритилади. Суриштируларни “Азаттиқ”нинг минтақадаги мухбири Идирис Исаков олиб борди. Икки ҳафта давомида Youtube'да лавҳа 378 минг марта томоша қилинди.

22 апрел куни Иқтисодий жиноятларга қарши кураш Давлат хизмати (финполиция) “Азаттиқ” (қирғиз хизмати) суриштирувида қайд қилинган фактлар бўйича жиноий иш қўзғатилгани маълум қилди.

Финполиция матбуот хизматининг маълумотига кўра, Жиноятлар ва қилмишлар Ягона реестрида фактлар Жиноят кодексининг 232 моддаси (Солиқдан бўйин товлаш ва (ёки) бошқа мажбуриятлардан бўйин товлаш) бўйича қайд қилинган.

Судга қадар суриштирув ишлари бошлаб юборилди. Финполиция раиси буйруғига кўра оператив -терговгуруҳи тузилди.

Жалил Атамбаев жамиятда ҚРнинг Ўш вилоятидаги энг бадавлат кишилардан бири сифатида кўрилади.

XS
SM
MD
LG