Ссылки доступа

Россияда Қирғизистон ва Қозоғистонга пул жўнатиш лимити белгиланди


Россия Марказий банки пул ўтказиш тизимида бир нечта мамлакат — Вьетнам, Хитой, Қирғизистон ва Қозоғистонга пул жўнатиш борасида лимитлар жорий қилишга эришди. Бу ҳақда вазият билан таниш учта манба «Ведомости»га маълум қилди, дея ёзади РБК.

Газета маълумотларига кўра, лимитлар 16 апрелдан бошлаб амал қилмоқда. Қозоғистон учун бир ойда 150 минг рублни ташкил қилса бошқа мамлакатлар учун 100 минг рубл деб белгиланди. Шу тариқа регулятор хуфёна операцияларга қарши, жумладан рўйхатга олинмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини олиб боришга қарши кураш олиб бормоқчи, дея изоҳлайди нашр суҳбатдошларидан бири. Газетанинг бошқа бир манбасининг айтишича, Россия бозорларида савдо қилаётган хорижликлар хусусий тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмай ва юридик шахс ташкил қилмаган ҳолда, пул ўтказмалари орқали товарлар учун нақд пуллар жўнатади. Энг кўп пул ўтказмалари номи қайд қилинган тўртта мамлакат йўналишида амалга оширилади, шу сабабли ҳам лимитлар айнан шу давлатларга нисбатан жорий қилинди.

«Ведомости» маълумотларига қараганда, МБ бу схемани шу йилнинг январ ойида кўрсатиб ўтган, маълум бўлишича банклар устидан назорат ўтказилаётганида банк ҳисоби очилмаган ҳолда хорижга шубҳали пул ўтказмалари борасидаги схема фош бўлган. Жумладан, бу каби ўтказмалар йирик савдо нуқталари ёки уларнинг ёнидаги жойлардан, айнан бир хил шахслар томонидан қисқа вақт оралиқ билан бир кунда бир неча бор амалга оширилган.

Банклардан бирининг ходими газетага изоҳ беришича, шу кўринишда товарларга тўланадиган ҳисоб-китоблар учун Божхона декларацияси тўлдирилмайди, улар Россияга Қирғизистондан ҳам келади.

РБКнинг ёзишича, тўлов тизими орқали Россиядан жўнатиладиган пул ўтказмалари ҳажми бўйича Ўзбекистон (2018 йилда салкам $14 млрд) етакчилик қилади, иккинчи ўринда Қирғизистон ($1,3 млрд) туради. Хитой тўртинчи мавқени ($675 млн), Қозоғистон эса еттинчи ($392 млн), Вьетнам 12-ўринни ($175 млн) эгаллайди.

Ўтган йили жаҳонда меҳнат мигрантлари томонидан ўз ватанларига рекорд даражадаги маблағ жўнатилган, дея хабар берди Жаҳон банки. Унинг ҳисоб-китобларига қараганда, кўрсаткич $529 млрдга етди, 2017 йилга солиштирганда 9,6%га кўпайди. Таҳлилчилар бу ҳолатни АҚШ иқтисодий вазиятидаги ижобий ўзгаришлар ва бу мамлакатдаги бандлик ошиб бораётгани ҳамда Форс кўрфази мамлакатлари Ҳамкорлик Кенгаши аъзолари ва Россиядан пул ўтказмалари тикланиши билан боғлашмоқда.

XS
SM
MD
LG