Ссылки доступа

Тожикистон чегара қўшинлари матбуот котиби давлат сирини ошкор қилишда гумонланмоқда


Тожикистон Миллий Хавфсизлик Давлат Қўмитаси Чегара қўшинлари Бош бошқармаси матбуот котиби Муҳаммад Улуғхўжаев ҳибсда ушлаб турилибди, дея хабар берди унинг қариндошлари.

Муҳаммаджоннинг онаси Зебо Улуғхўжаеванинг айтишича, ўғлини сўнгги бор икки ҳафта аввал кўрган. Онанинг маълум қилишича, 16 апрел куни тезкор ходимлар унинг хонадонида тинтув ўтказган.

Аёлнинг айтишича, улар эндигина адвокат ёллашган, шу сабабли ҳам ўғлига қандай модда бўйича айб қўйилганлигини билмайди. «Ўғлим қонунга зид бирор бир иш қилмаганига ишонаман», - дейди она.

Шу билан бирга сўнгги уч кунда иккита янгиликлар агентлиги МХДҚ чегара қўшинлари Бош бошқармаси матбуот котиби вазифасида ишлаб келаётган, подполковник Муҳаммад Улуғхўжаев гўёки давлат сирини ошкор қилгани учун ҳибсга олинганини маълум қилди.

Жумладан, «Азия-Плюс» агентлигининг маълум қилишича, Улуғхўжаев икки ҳафтадан бери ҳибсда ушлаб турилибди. Нашрнинг хабарига кўра, у почта ва мессенджер орқали “маҳфий грифи”да бўлган маълумотларни жўнатганда ушланган. "Ахбор" веб-сайтининг хабарига кўра, Улуғхўжаев гўёки уй компьютеридан халқаро ташкилотлар билан маҳфий маълумотларни алмашган.

Ҳар икки нашр ўз манбаларига таянган ҳолда шу хабарларни эълон қилган ва ҳозирча бу маълумотларни тасдиқлашнинг имкони йўқ.

Ҳозирча, Улуғхўжаевага нисбатан жиноий иш қўзғатилгани ҳам номаълумлигича қолмоқда. Хабарларга кўра, у МХДҚ ходимлари томонидан қўлга олинган, маълумки, унинг таркибига чегара бошқармаси ҳам киради.

Муҳаммад Улуғхўжаевнинг қўлга олинишидан кейин, «Азия-Плюс»нинг ёзишича, МХДҚ раиси Саймўмин Ятимов барча вазирлик ва давлат идораларига “матбуот котиблари эндиликда ўз раҳбарларининг рухсатисиз қандайдир маълумотни эълон қилиш ёки бу маълумотларни журналистларга бериш ҳуқуқига эга эмаслиги” тўғрисида мактуб жўнатган.

Муҳаммаджон Улуғхўжаев 36 ёшда бўлиб, Тожикистон Технология университетининг физика факультетини тамомлаган. У бундан аввал «Азия-Плюс» агентлигида, РТ Мудофа вазирлигида техник ходим бўлиб ишлаган. 2009 йилда МХДҚ Чегара қўшинлари Бош бошқармасига ишга ўтган. Фаолиятини техник ходим сифатида бошлаган ва 2014 йилда матбуот котиби лавозимига тайинланган.

XS
SM
MD
LG