Ссылки доступа

Душанбе янгиликлар сайтларининг блокировкаси тўхтатилишига чақирилди


«Чегара билмас мухбирлар» ва Тожикистон мустақил ОАВ миллий ассоциацияси (ТМОАВМА) расмий Душанбега мурожаат қилиб янгиликлар сайтларининг блокировкасини тўхтатишга чақирди.

29 апрел куни тарқатилган баёнотда таъкидланишича, беш ойдан бери таниқли «Азия-Плюс» янгиликлар ресурсига Тожикистон ҳудудларида кириб бўлмаяпти, бошқа айрим интернет-ресурслари ҳам мунтазам равишда цензурадан азият чекмоқда.

Баёнот муаллифларининг таъкидлашларича, мустақил «Азия-плюс» янгиликлар сайти бир неча йилдан бери мунтазам равишда вақти-вақти билан блокировка қилинади, камдан кам ҳолларда бунчалик узоқ блокировка қилинарди: сайт 2018 йилнинг 29 ноябридан бери Тожикистон ҳудудларида ёпиқлигича турибди. «Таҳририятнинг бу борада изоҳ олиш борасидаги ҳаракатлари девор ортидан сукут билан тўқнаш келган: одатга кўра расмийлар цензура фактини инкор қилишади ва қандайдир «техник носозлик»ни баҳона қилишади, - дейилади баёнотда.

ТМОАВМА раиси Нуриддин Қаршибоевнинг айтишича, «Тожикистон ҳукумати қошидаги Алоқа хизмати томонидан ахборот ресурсларининг асоссиз ва ўз билганича блоклаши давом этмоқда». «Биз Тожикистон ҳукуматини фуқароларнинг конституцион ҳуқуқларини таъминлашга ва ахборот эркинлиги масаласида ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларни бажаришга чақирамиз, ҳамда ҳукуматнинг ҳар қандай ўйланмай қабул қиладиган қарори жамиятда норозилик кайфиятларини кучайтиришини эслатиб ўтамиз», - дея сўзларига қўшимча қилади.

«Азия-Плюс» бош муҳаррири Умед Бабахановнинг айтишича, ўтган йили агентлик сайти бир неча кундан бир неча ойга қадар бир неча бор блокланган. «Бу галги блоклаш «Азии-Плюс» томонидан ҳукуматдан олинган бир нечта мақолаларни эълон қилмаслик билан боғлиқ бўлиши мумкин», - дейди бош муҳаррир.

“Чегара билмас мухбирлар”нинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўлими раҳбари Йоханн Бирнинг 29 апрел куни таъкидлашича, Интернетдаги цензура миш-мишларнинг кенг тарқалишига ва нотўғри маълумотларнинг тарқалишига ва мамлакатда Россия ОАВ таъсирининг кучайишига олиб келиши мумкин. «Цензурадан ҳеч ким ютмаган. Биз Тожикистон ҳукуматини янгиликлар веб-сайтларига кириш имкониятини таъминлашга чақирамиз. Мамлакат ҳукумати яқинда алоқа учун тарифлар нархини оширмасликка қарор қилди, биз уларни янгиликлар сайтларига нисбатан ҳам оқилона йўл тутишга, блоклашни бекор қилишга чақирамиз», -дея таъкидлайди Йоханн Бир.

Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотларнинг маълумотига қараганда, айрим ахборот ресурслари, жумладан «Фергана» ёки «Ахбор» мунтазам равишда Тожикистон ҳудудларида блокланади; бошқа сайтлар эса вақти вақти билан блокланиб турилади. Ҳукумат шунингдек асосий ижтимоий тармоқлар ва мессенджерларни, шунингдек Google хизмати ва YouTube сайтини блоклайди. Ҳукумат 2018 йилдан бери Интернетга киришни монополия қилиб олган, бу ўз навбатида алоқа операторларига мурожаат қилмасданоқ ҳар қандай ресурсни блоклаш имкониятини беради.

Йоханн Бирнинг сўзларига қараганда, интернетдаги цензура Тожикистоннинг матбуот эркинлиги бўйича Жаҳон рейтингида қуйи поғонада туришининг асосий сабабларидан биридир. «2019 йилда Тожикистон рейтингда 12 мавқе бўйича қуйида бўлди, 180 тадан 161-ўринни олди. Бу ҳукуматнинг Интернет-ОАВга босими натижасидир», -дейди Бир.

Йоханн Бирнинг таъкидлашича, мустақил ОАВ журналистлари танқидий материаллар эълон қилганлари боис таъқиб қилинади, шу сабабли ҳам уларнинг кўпчилиги сўнги йилларда касбларидан воз кечишди ва мамлакатдан ташқарига чиқиб кетдилар.

XS
SM
MD
LG