Ссылки доступа

Полторанин чанғи пойгаси бўйича Қозоғистон миллий жамоаси таркибига киритилмади


Янги мавсумда чанғи пойгаси бўйича Қозоғистон миллий жамоасининг янги таркиби эълон қилинди. Командага 15 нафар спортчи – тўққиз нафар эркак ва олти нафар аёл киритилди.

Хизмат кўрсатган спорт мастери, жаҳон чемпионатининг бронза медали соҳиби Алексей Полторанин команда таркибига киритилмади. Бу ҳақда Қозоғистон чанғи спорти Миллий федерацияси сайтида маълум қилинди.

«Аввалги мавсумда командани олти нафар спортсмен тарк этди: Николай Чеботько мусобақалардаги карьерасини якунлашга қарор қилди. Алексей Полторанин Халқаро чанғи федерацияси қарорга кўра вақтинча мусобақалардан четлаштирилди. Қозоғистон Республикаси чемпионатида ёрқин чиқишлар қилган Ольга Мандрика декрет таътилидан сўнг, асосий жамоа таркибига қайтди. Қолган қизлар эса минг афсуски, аввалги мавсумда ўз олдиларига қўйилган вазифаларни бажара олмадилар. Шу сабабли ҳаражатларни тежаш мақсадида жамоа таркибини 15 нафар спортчига қисқартиришга қарор қилинди», – дея Қозоғистон чанғи пойгаси Миллий федерацияси бош котиби Андрей Невзоровнинг сўзларидан ихтибос келтиради сайт.

Алексей Полторанин ва яна бир нечта чанғичи 27 феврал куни Австрия ва Германия полицияси томонидан жаҳон чемпионати ўтган Зеефельд шаҳрида ўтказилган рейддан сўнг мусобақалардан четлатилган эди. Қозоғистон атлети, икки нафар Австрия ва икки нафар Эстония чанғичиси полиция рейди давомида ушланган эди. Улар аксилдопинг қоидаларини бузганликда айбланишди.

Кейинроқ Маданият ва спорт вазириАристанбек Мухамедиули баёнот бериб, допинг истеъмол қилган спортчиларга нисбатан чора кўриш мақсадида вазирлик спорт, спорт фаолияти тўғрисидаги қонунни кескинлаштирганини маълум қилди.

Қозоғистонлик чанғичи Алексей Полторанин 2013 йил Италияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида классик стил ва жамоа спринти бўйича бронза медалини қўлга киритган эди. У жаҳон кубоги босқичларида ўндан ортиқ олтин медал соҳибидир ва 2011 йилги Олмаота ва Остонадаги Осиё ўйинларининг тўрт карра чемпиони ҳисобланади. У 2006, 2010, 2014 ва 2018 йилларда бўлиб ўтган Олимпиада мусобақаларида иштирок этган. Полторанин 2022 йилда Пекинда бўлибўтадиган Олимпиада мусобақаларига бориш ниятида экани борасида баёнот берган эди.

XS
SM
MD
LG