Ссылки доступа

Тулада пичоқлаб ўлдирилган аёлнинг жасади Сурхондарёга олиб келинади


Тула шаҳрида қотиллик қурбони бўлган асли ўзбекистонлик Умида Эгамуротованинг жасадини ўз юртида дафн этиш учун олиб келинишига Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги беминнат кўмак кўрсатишга тайёр. Бу ҳақда вазирлик 30 апрель куни маълум қилди.

“Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари Вазирлиги Умида Эгамуротованинг оила аъзоларига чуқур таъзия изҳор этади. Шунингдек, марҳума Россия Федерацияси фуқароси бўлишига қарамасдан, ватандошимиз сифатида ташкилий масалаларда керакли амалий ёрдамини кўрсатишга тайёр эканлигини билдиради”, дейилади расмий маълумотда.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам марҳуманинг яқинларига таъзия изҳор қилди ва Россиядаги Ўзбекистон элчихонасининг консуллик бўлими жасадни Сурхондарё вилоятига олиб келиниши масаласини ўз назоратига олганини билдирди.

29 апрель куни Тула вилоятининг Узловая шаҳридаги “Пятерочка” супермаркетида 34 ёшли Андрей К. 28 апрель куни кассир аёл – Умида Эгамуротовага пичоқ билан 21 маротаба жароҳат етказгани ҳақида хабар берилган эди.

Россия Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, 33 яшар Умида Эгамуротова касалхонанинг реанимация бўлимида жон берган. Унинг уч фарзанди етим қолган.

XS
SM
MD
LG