Ссылки доступа

Туркманистонда сув тошқинларидан кейин қурилиш материаллари қимматлашди


Туркманистонда қурилиш материалларининг нархи ошмоқда. “Азатлик” мухбирларининг хабарларига қараганда, цемент нархи икки баробар қимматлашди.

Айни дамда Туркманистоннинг сув тошқинларидан энг кўп зарар кўрган Марий вилоятида 50 килограммлик бир қоп цемент 50 манатгача қимматлади. Дашоғузда цемент нарҳи 40-55 манат турибди. 50 килограмлик маҳсулотнинг аввалги нарҳи 15-18 манат эди. (манатнинг долларга нисбатан расмий курси 3,5:1).

Қурилиш материаллари нарҳининг бу галги қимматлашуви давом этаётган сув тошқинлари ва мамлакатнинг бир нечта минтақасида кузатилган селлар фонида юз бермоқда. Март ойининг иккинчи ярмида бошланган тинимисиз ёғингарчиликлар сел келиши ва аҳоли пунктлари ва экин майдонларининг сув остида қолишига сабаб бўлди. Автомобил йўллари ва темир йўллар ҳам сув остида қолди.

Мамлакат ғарби ва жанубий-шарқи энг кўп зарар кўрди. Балқон вилоятида 19 март куни ёғингарчилик туфайли Берекет шаҳрининг катта қисми сув остида қолди, Сердар, Туркменбаши, Балқонобод, ва ўнлаб қишлоқлар зарар кўрди.

Мамлакат расмийлари табиий офат ҳақида расман маълум қилмади, шунингдек сув тошқинлари ва сел келиши ҳақида аҳолини хабардор қилмади. Туркманистондаги “Озодлик” мухбирларининг хабар қилишича, сув омборларида сув тошиб кетмаслиги учун ҳукумат барча чораларни кўрмоқда. . Айни дамда Марида тўғрон қурилмоқда ва сув омборларининг қирғоқлари мустаҳкамланмоқда. Шу билан бирга Ашхобод аҳолиси ҳам сув тошқинлари оқибатларини бартараф этмоқда.

Туркманистон бир неча бор цемент ишлаб чиқариш режасини эълон қилган эди. Мамлакатда қуввати бир йилда 1 миллион тонна цемент ишлаб чиқарадиган тўртта йирик цемент заводи ишлаб турибди.

XS
SM
MD
LG