Ссылки доступа

Қозоғистон: муддатдан аввалги сайловларга қарши митингларда ҳибсга олишлар (видео)


Нур-Султон ва Олмаотада 1 май куни Қозоғистон президентлиги учун муддатдан аввалги сайловларга қарши митинглар бўлиб ўтди.

Мамлакат пойтахтида мухолифат томонидан ўтказилган маршнинг ўнлаб иштирокчиларини полиция ушлади, шунингдек Олмаотада ҳам қўлга олишлар бўлди, дея хабар беради Азаттиқ (“Озодлик” радиосининг қозоқ хизмати) радиоси.

Норозилик намойиши иштирокчилар ва ҳуқуқ тартибот идоралари ўртасида бўлиб ўтган музокаралардан сўнг полиция Нур-Султонда ўнга яқин кишини озод қилди. Намойиш иштирокчилари баёнот бериб полиция қўлга олинганларнинг ҳаммасини озод қилмагунга қадар акцияни тўхтатиш ниятида эмасликларини айтишди.

Нур-Султонда ушланганларнинг айримлари махсус бўлим ходимлари томонидан дубинкалар билан калтакланди. Бундан аввал тўпланганлар олдига прокуратура вакили чиқиб норозилик акциясини “қонунга зид” дея атади ва норозилик намойиши иштирокчиларини тарқалишга чақирди, аммо иштирокчилар намойишни давом эттирдилар.

Олмаотада фаоллар аввалига шаҳар паркда тўпланишди. Кейинроқ эса улар марказий кўчалардан бирига чиқдилар ва ўтиш жойига чиқмаган ҳолда намойишни давом эттирдилар. Шу вақт улар полиция ходимлари томонидан қуршаб олиндилар, натижада ўнлаб намойишчилар қўлга олинди. Хабарларга кўра, Нур-Султонва Олмаотада бир неча юз киши тўпланди.

Норозилик намойишлари иштирокчилари Қозоғистон фуқароларига мурожаат қилиб 9 июнга белгиланган мамлакат президентлиги учун ўтказиладиган сайловларни бойкот қилишга чақиришди. Тўпланганлар, шунингдек сиёсий маҳбусларни, жумладан қўлга олинган бундан аввалги акция иштирокчиларини озод қилинишини талаб қилдилар. Бундан ташқари Қозоғистон пойтахти Остонани Нурсултон деб ўзгартирилишига қарши шиорлар илгари сурилди.

1 май куни Қозоғистонда Халқ бирдамлик куни нишонланди, шу муносабат билан расмий тадбирлар ўтказилди. Нурсултонда табрик нутқи билан Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбоев чиқиш қилди. Олмаотада эса шаҳарнинг бош майдонида амалдаги раҳбар Қасым-Жомарт Тоқаев халққа мурожаат билан чиқди.

Қозоғистонда апрел ойи бошларидан бери муддатдан аввалги президентлик сайловларига қарши норозилик митинглари бўлиб ўтмоқда. Акциялар иштирокчиларининг фикрича, сайловларда ҳақиқий сиёсий рақобат бўлмайди ва шу сабабли ҳам бу президент вазифасини бажариб турган Қасим-Жомарта Тоқаевнинг ғалаба қозонишига сабаб бўлади.

30 йил Қозоғистонга етакчилик қилган Нурсултон Назарбоев 19 март куни истеъфога чиқди. Шу билан бирга у муҳим ваколатларини ўзида сақлаб қолди. Унинг қизи Дариға парламент юқори палатасини бошқармоқда,у бу лавозимда ишлаган Қасим-Жомарт Тоқаевнинг ўрнини эгаллади.

XS
SM
MD
LG