Ссылки доступа

Туркманистон расмийлари чақирувдагиларни аниқлаш чораларини кучайтирди


Туркманистондаги Азатлиқ радиоси (“Озодлик” радиоси туркман хизмати) мухбирларининг хабарларига қараганда, айни дамда қуролли кучлар сафларига чақириш мақсадида 27 ёшга тўлган йигитлар учун “ов” бошланди.

Туркманистон ҳарбий муассасаси вакиллари армияга чақириш мақсадида йигитларни аниқлаш чораларини кучайтирди.

«Эндиликда хорижда ўқиётган йигитлар таътил вақтида Туркманистонга қайтиб келишлари биланоқ аэропортнинг ўзида ушланиб армияга жўнатилаётгани ҳақида хабарлар бор. Ҳозир ота-оналар болаларига ўқишлар тугамагунга қадар юртга қайтмасликни маслаҳат беришмоқда», - дея хабар беради 30 апрел куни Азатлиқнинг Ашхободдаги мухбири хорижий олий билим юртларида таълим олаётган талабаларнинг ота-оналарига таянган ҳолда.

Унинг сўзларига қараганда, айни дамда армияга чақирув 27 ёш деб белгиланган, аммо ҳарбий хизмат учун чекловларни 35 ёшгача ошириш масаласи кўриб чиқилмоқда. «Туркманистон қонунларига кўра, икки ва ундан ортиқ фарзанди бўлган эркаклар ҳарбий хизматга чақирилмайди. Аммо бу чекловлар бекор қилиниши мумкинлиги борасида хабарлар пайдо бўлди, яъни икки нафар фарзанди бўлган эркаклар ҳам ҳарбий хизматга чақирилиши мумкин», -дея хабар беради мухбир.

Азатлиқ радиоси бу маълумотни Туркманистон мудофаа вазирлигидан тасдиқлашнинг имконига эга бўлмади.

27 апрел куни «Turkmen.news» нашри берган хабарга кўра, ҳарбий комиссариатлар чақирувчиларга “ов эълон қилган” ва ҳарбий хизматга “ҳаммани ёппасига олиб кетмоқда”. Ўз манбаларига таянган ҳолда нашрнинг хабарига қараганда, ҳарбий комиссариатдагилар миграция хизмати билан хамкорликда фаолият олиб борар экан, йигитларни мамлакатдан чиқиб кетишини тақиқламоқда.

Мартда Ашхободдаги ҳарбий комиссариатлар хорижда бўлган талабаларнинг ота-оналарига қўнғироқ қилиб, фарзандларини муддатли ҳарбий хизматни адо этиши учун қайтаришларини талаб қилган эди. Бу ҳақда 1 апрел куни Азатлиқ мухбири хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG