Ссылки доступа

Маҳалла оқсоқоли илк бор "шаффоф сайлов"да сайланди


Андижон вилояти Марҳамат тумани, Юқори Равот маҳалла фуқаролар йиғинида (МФЙ) эксперимент сифатида муқобил номзодлар иштирокида шаффоф сайлов ўтказилди.

Узоқ йиллар Давлат Божхона қўмитасига раислик қилган, шу кунда маҳалла оқсоқоллари сайловини мувофиқлаштираётган Ботир Парпиев бу сайловга "очиқ ва шаффоф ўтди", деб баҳо берди.

Марҳамат туман ҳокимлиги вакилига кўра, 2 май куни тўртта маҳалла оқсоқоли янги услубда сайланган.

Сайлов комиссияси раиси Турсунали Мамажоновнинг айтишича, бу сайлов 2018 йилнинг октябрида президент имзолаган "Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида"ги қонунга биноан ўтказилган.

Сайлов жараëни акс этган суратларни тақдим қилган марҳаматлик сайловчининг айтишича, "бундай эркин сайлов" биринчи марта ўтмоқда. "Сайлов биринчи бор тарихда ўта шаффоф тарзда ўтказилди. Натижада биз икки номзоддан энг маъқулини танлаш ҳуқуқидан тўлиқ фойдаландик ва янги маҳалла раисини сайладик. Бундай эркин сайлов Шавкат Мирзиëев олиб бораётган сайлов борасидаги сиëсатининг демократик руҳда ўтганини исботи десак муболаға бўлмайди", - деди ўзини Солижон деб таништирган сайловчи.

Президент Шавкат Мирзиëев январь кунги селектор йиғинида "энди бундан буëн сайлов эркин бўлади, кўникинглар», дея таъкидлаган эди.

Тошкент шаҳри ва республиканинг бошқа туманларида ҳам "нисбатан эркин" ўтган сайловда маҳалла оқсоқоллари сайланган.

Айни пайтда Урганч шаҳридаги сайловчилар эса МФЙ раиси сайлови эски усулда ўтаëтганидан нолиди.

Урганчнинг Марифатчилар кўчасида яшайдиган сайловчи иддаосига кўра, бу сайлов "олдиндан тайëрланган ва ҳокимият мақуллаган номзод" сайланадиган спектакл, холос.

XS
SM
MD
LG