Ссылки доступа

Қозоғистонда баннер учун ушланган Тулесова ва Толимбеков озодликка чиқди


21 апрель куни Олмаотада бўлиб ўтган марофонда адолатли ва шаффоф сайловлар ўтказилиши мақсадида “Ҳақиқатдан қочиб қутила олмайсиз” баннерини кўтариб чиққани учун 15 кунга қамалган Асия Тулесова ва Байбарис Толимбеков 5 май куни озодликка чиқди. Бу ҳақда Асия Тулесованинг ўзи маълум қилди.

Унинг сўзларига қараганда, уларни озод қилиш борасидаги қарор 5 май куни қамоқхона маъмурияти томонидан тиббий маълумотномалар тақдим қилинганидан сўнг қабул қилинган. "Бейбариснинг қон босими ошиб кетган эди. Маълум бўлишича, менинг ҳам саломатлигим яхши бўлмаган. Шундан кейин маъмурият бизларни муддатдан аввал озод қилишга қарор қилди. Мен озиб кетдим. Ҳозир яхшиман", - дейди Асия Тулесова.

Тулесованинг онаси Жанар Жандосованинг сўзларига қараганда, 5 май куни соат 19:30 ларда Асия қамоқхонадан қўнғироқ қилиб ўзларининг озод қилинганликлари борасида хабар берди. Қамоқхона ходимлари икки фаолни уйларига элтиб қўйди. "Асия ва Бейбарис 15 кундан кейин, яъни 6 май куни соат 9 да озод қилиниши керак эди. Балки, қамоқхона маъмурияти эртага одамлар тўпланишидан хавфсирагандир. Уларнинг аҳволи яхши, улар дам олаяпти", - дейди Жандосова.

34 ёшли Асия Тулесова ва 20-ёшли Бейбарис Толимбеков 21 апрел куни Олмаотада бўлиб ўтган марофон вақтида ушланган эди, ўшанда улар трасса атрофида: «От правды не убежишь #уменя естьвыбор #adilsailayushin» (“Ҳақиқатдан қочиб қутила олмайсан”, “Менинг ўз танловим бор”) сўзлар ёзилган баннерларни кўтариб олишган эди. Уларнинг ҳар иккиси, ўша куни -якшанба куни маъмурий суд томонидан “тинч намойишлар ўтказиш тартибини бузганликлари учун” 15 кунгача ҳибсга олинди.

Ички ишлар вазири Ерлан Тургумбаевнинг баёнотига қараганда, улар "спорт тадбири ўтказилишига ҳалақит беришган".

Ҳибсга олинганларни қўллаб қувватлаш мақсадида 23 апрель куни бир нечта мамлакатда, жумладан Чех Республикаси, Буюк Британия, Канада, Франция ва Венгрияда акциялар бўлиб ўтди.

Халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар Қозоғистон ҳукуматига мурожаат қилиб зудлик билан Тулесова ва Толимбеков озод қилинишини талаб қилди. Amnesty International ташкилоти эса уларни "виждон маҳбуслари" дея атади.

XS
SM
MD
LG