Ссылки доступа

ИИВ ходимлари: Фирибгарлик бўйича жиноят ишлари қўзғатилмаяпти


Ички ишлар вазирлиги тизими ходимлари¸ айни пайтда¸ оддий ўзбекистонликлар¸ айни кунларда Жиноят кодексининг 168-моддаси – фирибгарлик бўйича тушган аризаларни расмийлаштириш тўхтатилганини билдирди.

Бир-биридан мустақил равишда гапирган бу расмийларга кўра¸ президентга жиноятчиликни камайтирдик¸ деб ҳисоб беришни мақсад қилган жорий кампания боис ўз ҳудудларида Жиноят кодексининг 168-моддаси – фирибгарлик бўйича тушаëтган аризаларни қабул қилиш ва улар асосида жиноят иши қўзғатиш деярли тўхтатилган.

“Ҳозирги кунда қўлимизда 100 миллион сўмлик фирибгарлик¸ ëки оғир турдаги тан жароҳати билан боғлиқ аризалар бор¸ лекин бошлиғимиз қабул қилдирмаяпти. Мабодо терговга ўтказаман¸ десангиз¸ дарров “тизимга душманмисан” деб бошлайди. Терговга материал ўтказмасак¸ унда тергов хизмати нима керак? Терговчи ходимлар ҳам қўрқиб юришибди¸ материал беришмаяпти¸ дело чиқармаяпмиз¸ охири нима бўларкан¸ деб. Жиноятчилик фалон фоизга камайди¸ деб катта раҳбарларимиз алдашни билишади¸ аслида жиноят иши қўзғатмай¸ келган аризанинг ечимини ечмай¸ сохтакорлик қилишаяпти”¸ дейди Тошкент шаҳар туманларидан бирида профилактика инспектори бўлиб ишлаëтган ҳуқуқшунос.

Амалдаги Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддасида “Фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш” жиноят деб белгиланган ва бу жиноятга “энг кам ойлик иш ҳақининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима солишдан то 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Ўзбекистон ИИВ тизими мулозимларидан бири - оддий профилактика нозиридан келган бу маълумотнинг ҳақиқат экани ва бу жараëн илдизи президентнинг “жиноятчиликни камайтирасан¸ ëки ишдан кетасан”¸ деб ИИВ ва прокуратура раҳбарларига берган буйруғига бориб тақалишини айтди.

“Фирибгарлик бўйича жиноят иши очмаслик фақат Тошкент эмас¸ ҳамма жойда бўлаëтган гап. Жиноятчилик¸ унинг қачон ва қандай ошиб-камайиши ҳақида тушунчага эга бўлмаган одамлардан чиққан бу ташаббус ва буйруқ¸ ниҳоятда хатарли. Уйи¸ машинаси¸ катта пулини мошенниклар олиб¸ жазосиз қолса¸ одамлар адолат истаб қаерга боради? Самосуд бошланади – улар фирибгарлар билан ўз билганича разборка қилишга ўтади – бориб пичоқлашади¸ уйига ўт қўяди¸ машинасини ëндиради¸ ҳатто ўлдиришгача боради. Иккинчи йўл¸ кўча – мафияга бош уриб боради – ака фалончидан фалон пулимни олиб беринг¸ фалон фоизи сизники деб. Яқин орада жиноятчиликни камайтиришнинг бундай нопрофессионал ëндашувининг қанчалик хавфли эканини яшириб бўлмай қолади – оғир турдаги жиноятлар кўпайиб кетади”¸ дейди жиноят қидирув соҳаси мутахассиси.

Тошкент ва Наманган вилоятидан мурожаат қилган оддий ўзбекистонликлар¸ ўзларини чув туширган фирибгарлик устидан берган шикоят аризаси рўйхатга олинмаганини билдирдилар.

XS
SM
MD
LG