Ссылки доступа

Хўжанд колониясидаги исённи ташкил қилганлар 20 йил қамоққа ҳукм қилиниши мумкин


Прокуратура вакиллари суддан ўтган йилнинг ноябр ойида Хўжанддаги колонияда юз берган исёнда иштирок этганларга нисбатан қўшимча равишда 10-20 йил қамоқ жазоси берилишини талаб қилмоқда.

Қаттиқ режимли №3/3 колонияда юз берган исённинг эҳтимолий иштирокчилари устидан суд шу йилнингмарт ойида Хўжанд шаҳридаги №2 СИЗОда бошланди. Судланувчилар ўриндиғида колонияда жазо муддатини ўтаётган 30 дан ортиқ маҳкум ўтирибди. Суд жараёни ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтмоқда.

Ўтган йилнинг 8 ноябрига ўтар кечаси жазони ижро этиш муассасида юз берган тартибсизликлар вақтида расмий маълумотларга кўра, 21 маҳбус ҳалок бўлди. Исён вақтида қамоқхонанинг икки ходими ўлдирилди, беш нафар қўриқчи оғир жароҳат олди.

Хабардор манбанинг айтишича, тартибсизликларга алоқаси бор маҳбуслар қотиллик, жазони ижро этиш муассасидаги вазиятни издан чиқариш, хукумат вакилларига қаршилик кўрсатиш, инсонларнинг саломатлигига оғир зарар етказишда айбланмоқда.

Унинг сўзларига қараганда, исёнга алоқадорликда кўрилаётганларнинг кўпчилиги аввал террор ҳаракатлари ва экстремистик руҳдаги жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган ва узоқ муддатга -15 йилдан 25 йилгача озодликдан маҳрум қилинган. Расмийларнинг хабар қилишларича, айбланувчилар исёнга узоқ - 4 ой тайёргарлик кўришган. Хўжанд колониясидаги исён учун масъулиятини “Ислом давлати” террор гуруҳи ўз зиммасига олди, бироқ маҳбуслар гуруҳи ИД эмиссарларидан бирор бир топшириқ олмагани айтилади.

Исён қурбонлари ҳақида етарлича маълумот йўқ. Исёнда иштирок этган маҳбусларнинг қариндошларига судда иштирок этишларига ва қариндошлари билан учрашувга рухсат берилмаяпти.

Хўжанд колониясидаги исённинг ташкилотчиси сифатида кўрилаётган маҳбус Амирали Давлатовнинг онаси Тошби Ашурмадованинг айтишича, юз берган ҳодисадан сўнг ўғли билан бирор марта ҳам кўришмаган. Амирали Давлатов 2014 йил Кулоб дискоклубида юз берган портлашдан кейин 19 йил озодликдан маҳрум қилинган эди. Расмийларнинг таъкидлашича, у бошқа маҳбусларни исёнга “даъват қилган”лардан биридир. Бироқ, Тошби Ашурмадова бу айбловларни инкор қилади ва ўғли террор ҳаракатларига мутлоқо алоқаси бўлмаганидек Хўжанд колониясидаги исёнга ҳам алоқаси йўқ.

Таъкидланишича, Хўжанд колониясидаги исёнга ходимларнинг маҳкумлар билан шафқатсизларча муносабати сабаб бўлган. Жазони ижро этиш муассасида юз берган ҳодиса муносабати билан колониянинг 8 нафар ходими, жумладан қамоқхона бошлиғи Файзулло Сафарзода ҳибсга олинди.

XS
SM
MD
LG