Ссылки доступа

Тожикистон фуқароси аёлларни Таиландда фоҳишаликка жалб қилгани учун ҳукм қилинди


Тожикистонда одам савдосида айбланган Замира Фурқатзода 7 йил колонияга ҳукм қилинди. Мамлакат шимолидаги Истаравшан шаҳар судининг маълум қилишича, Замира аёлларни фоҳишалик билан шуғулланишга мажбур қилиш мақсадида Тожикистондан Таиланд, Ҳиндистон ва Туркияга олиб чиқишда айбдор деб топилди.

Терговнинг аниқлашича, Замира Фурқатзода Истаравшан шаҳри ва Зафаробод туманида истиқомат қилувчи уч нафар қизни катта маош ваъда қилиб мана шу мамлакатларга олиб борган. Бу қизлар Таиланд, Ҳиндистон ва Туркияга боргач тунги клубларда мижозларга хизмат қилишларини билишган. Замира Фурқатзода яна бир жинсий қулликка муносиб номзод бўлган аёлни олиб чиқиб кетаётганида ушланди, дея 9 май куни хабар берди Сўғд вилоят ИИББ матбуот котиби Акбар Шарипов.

Суд залида бўлганлардан бирининг маълум қилишича, айбланувчи Фурқатзода ўзига қўйилган айбларни инкор қилди. «Унинг баёнот беришича: барча аёллар фоҳишалик билан шуғулланишларини билишган ва бепул овқат, турар жой ва ишлаб топилган пулнинг маълум қисмига умид қилишган», дейди манба. Аммо трафик қурбонлари судда Фурқатзода яхши маош тўланадиган энагалик, официанткалик ва уйда ўтириб ишлайдиган ҳамширалик ишларини таклиф қилган.

Одам савдоси қурбонларига ёрдам берадиган “Фемида” ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш Маркази раиси Саноат Солиеванинг айтишича, илк бор фоҳишалик билан аёлни Таиландга олиб чиқиш факти қайд қилинди. Унинг сўзларига қараганда, одам савдогарлари одатда жинсий қулларни Тожикистондан Туркия, Россия, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликларига олиб чиқишади.

2013 йилда Тожикистонда қонунчиликка “одам савдоси” тушунчаси киритилди, бу жиноят учун 5 йилдан 12 йилгача қамоқ жазоси берилади.

XS
SM
MD
LG