Ссылки доступа

Ўзбекистонда миллий тилини ривожлантириш мақсадида давлат идораси ташкил этиш таклиф қилинмоқда


«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ўзбек тилини ривожлантириш ва мамлакат аҳолисининг имловий саводхонлигини ошириш мақсадида қатор таклифларни ишлаб чиқди.

Тавсия муаллифларининг таъкидлашларича, жамиятда Ўзбекистонда фойдаланиладиган рус тилига расмий мақом бериш борасида берилган таклифдан сўнг мазкур мавзуга мурожаат қилишган. Эслатиб ўтамиз, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Тошкентга ташрифи арафасида бир гуруҳ ўзбек зиёлилари рус тилига расмий мақом бериш ташаббусини илгари сурдилар.

Ҳаракат вакилларининг таъкидлашларича, ўз ташаббуслари билан фуқороларни ўзбек тилини ўрганишга мажбурлаш ниятлари йўқлигини, хоҳловчиларнинг ўзлари савдохонликларини оширишга интилишлари керак.

«Ижтимоий тармоқлардаги изоҳлар ва медиамаконда чоп этилган кўплаб хабарлар, шу жумладан, фуқароларнинг фикрларини ўрганиш ва таҳлил қилиш натижасида айтиш мумкинки, Ўзбекистонда айниқса давлат тилида саводли нутқ, мулоқот маданиятини оммалаштириш, фуқароларда, хусусан ёшларда тил билиш даражасини ошириш жуда зарур. Давлат тилини миллий бирликни мустаҳкамловчи муҳим омил сифатида ривожлантириш муҳим бўлиб, бунда Ўзбекистонда истиқомат қилувчи бошқа миллат ва элат вакилларининг ҳуқуқ ва эркинликларини бузмаслик, уларнинг қадрият ва маданиятларини ҳурмат қилиш катта аҳамиятга эга», – дейилади ҳаракат хабарида.

Ҳаракатнинг фикрича, ўзбек тилини ривожлантириш ва тил билиш даражасини ошириш концепциясини ишлаб чиқиш ҳамда яқин 5 йил мобайнида уни амалга ошириш бўйича «йўл харитаси»ни тасдиқлаш керак.

Шунингдек, «Юксалиш» ўзбек тилини ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи, тил нормаларига, шу жумладан, ахборот стендлари ва реклама материалларида талабларга риоя этилишини назорат қилувчи, соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш билан шуғулланувчи масъул давлат органини белгилашни таклиф қилди.

Лойиҳа муаллифлари давлат тилида саводли ёзиш маданиятини ривожлантириш ва унинг даражасини ошириш, шунингдек, саводхонлик масаласига кенг жамоатчилик эътиборини қаратиш мақсадидаги ихтиёрий таълим акцияси — ўзбек тилида йиллик умуммиллий диктант ўтказишни таклиф қилдилар.

Бундан ташқари малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда, ўқув муассасалари ёки манфаатдор томонлар биноларида ўзбек тилини ўргатиш бўйича бепул курслар ташкил этиш таклиф қилинди, бу ерда фуқаролар инновацион педагогик технологиялар асосида ўзларининг сўзлашув нутқини ва саводли ёзиш бўйича кўникмаларини оширишлари мумкин бўлади. Болалар ва ёшларни интерфаол усулда тил нормаларига ўргатишга қаратилган мобил иловалар яратиш таклиф қилинди.

XS
SM
MD
LG