Ссылки доступа

Тожикистоннинг Ваҳдат шаҳридаги стадион ходимлари 13 ойдан бери маош олмаяпти


Ваҳдат шаҳридаги марказий стадион раҳбарияти бир йилдан бери ўз ходимларига маош бермаяпти.

«Биз бир неча бор шаҳар маъмуриятига мурожаат қилиб, тўланмаётган маошлар билан боғлиқ муаммони ҳал қилиб беришларини сўрадик, аммо бизларнинг гапларимизга қулоқ солишмаяпти», - дейди стадион ходималаридан бири Муҳаббат Раҳимова. Унинг сўзларига қараганда, шаҳар маъмурияти уларга бошқа иш қидиришлари борасида тавсия беришган. «Бизга очиқчасига, агар оғир бўлса ишдан кетинглар, дейишди. Қаёққа ҳам борардик? Шаҳарда умуман иш йўқ … Эрим касал, оиламизда мендан бошқа ҳеч кимишламайди. Бундан вазиятда қандай яшаш мумкин?», -дея ғазабланади аёл.

Марказий стадионнинг бошқа бир ходими ўз исмини ошкор қилмаган ҳолда кўплаб ҳамкасблари маошлар тўланмагани боис ишдан кетганини маълум қилди. «Бизга ўтган йилнинг апрел ойидан бери ойлик маош берилмаяпти. Кўпчилик ўзларининг “пешона тери” билан топган пулларини ололмай ишдан кетишди. Бошқа иш топа олмайдиган атиги 11 киши қолди».

Суҳбатдошимизнинг сўзларига қараганда, сўнги ойларда стадионда катта концертлар ва бошқа тадбирлар бўлиб ўтди. «Стадион дирекцияси концертлар ҳисобидан яхшигина пул ишлаб олди. Марказий стадионда 25 мингта ўриндиқ бор. Концертларга чипталар 40 сомонидан 80 сомонигача бўлди. Энди ҳисоблаб кўринг: фақат биргина концертдан кассага 1 миллиондан 1,5 миллион сомони ($100-150 мингга яқин)гача тушди. Бундан ташқари марказий стадионга кириш пуллик», -дейди ходим.

Ваҳдат шаҳар маъмурияти ойлик маошлар тўланмаётгани билан боғлиқ вазият юзасидан изоҳ беришдан воз кечди, чунки «марказий стадион мустақил равишда давлат муассаси ҳисобланади». «Ҳар қандай саволлар бўлса стадион раҳбариятига беринг!» - дея "маслаҳат берди" шаҳар маъмуриятидаги амалдорлардан бири.

Шу билан бирга Ваҳдат шаҳар марказий стадиони директори Диловаршо Давлатшоевнинг айтишича, ходимларга маош берилмаслиги шаҳар бюджетининг даромад қисми бажарилмаслиги билан боғлиқдир. «Концерт ва бошқа тадбирлардан тушган барча маблағлар шаҳар бюджетига йўналтирилади. Бюджетнинг даромадлар қисми бажарилмагани боис бизга жуда ҳам оз маблағ беришди», - дейди Давлатшоев.

2017 йилиюнида президент Эмомали Раҳмон Ваҳдат шаҳрида 25 минг ўринлик марказий стадионни фойдаланишга топширган эди. ТР президенти матбуот хизматининг маълум қилишича, стадион қурилиши учун шаҳар бюджетидан47 млн. сомони ва республика маблағларидан 20 млн. сомони ажратилган. Стадион олтита қисмдан иборат, у ерга турли хизмат объектлари, жумладан меҳмонхона, спорт заллари, савдо нуқталари, хизмат кўрсатиш ва маъмурий бинолар қурилган.

XS
SM
MD
LG