Ссылки доступа

Қозоғистонда Суриядан қайтган 20 киши терроризм гумони билан ушланди


Суриядан Қозоғистонга қайтган 16 нафар эркак ва тўрт нафар аёл террор фаолиятига алоқадорлик гумони билан ушланди. Бу ҳақда 13 май куни Ташқи ишлар вазирлигида «Жусан» махсус амалиёти якунларига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида вазир ўринбосари Ержан Ашиқбаев маълум қилди.

– 16 нафар эркак ва тўрт нафар аёл террор фаолияти гумони билан Нур-Султон, Атирау, Уральск, Оқтобе, Қарағанда ва Чимкентда ушланди. Қолган 55 нафар аёл ва болалар махсус реабилитация марказларига жойлаштирилди. Айни дамда тиббий текширув олиб борилмоқда, карантин белгиланган, шу билан бирга улар билан психологлар иш олиб бормоқда, ҳужжатлари, шахсни тасдиқловчи гувоҳномалар тикланмоқда, террор фаолиятларига алоқадорликларини аниқлаш мақсадида тергов ишлари олиб борилмоқда, – деди журналистларга Ержан Ашиқбаев.

Қозоғистон ТИВ вакилининг таъкидлашича, террор ҳаракатларининг иштирокчилари «жиноят содир этганликда далилларга асосланган ҳолда Қозоғистон қонунларига асосан жиноий жавобгарликка тортилади».

Ержан Ашиқбаевнинг сўзларига қараганда, 7 ва 9 май кунлари ўтказилган «Жусан»махсус амалиёти доирасида 230 дан ортиқ қозоғистонлик Суриядан Қозоғистонга АҚШ ва “Сурия демократик кучлари” кўмаги билан эвакуация қилинди.

Президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг матбуот котиби томонидан эълон қилинган баёнотига қараганда, «Жусан» амалиётининг давоми сифатида ўтказилган амалиёт доирасида эвакуация қилинганларнинг«156 нафари асосан мактаб ёшигача бўлган болалардир, улардан 18 нафари етим».

2018 йилнинг июлида Қозоғистон Миллий Хавфсизлик Қўмитаси (МХҚ) Яқин Шарқда уруш бошланганидан бери Сурия ва Ироққа Қозоғистоннинг 800га яқин фуқароси жўнаб кетганини маълум қилган эди. Муассаса баёнотига кўра, Сурия ва Ироқдаги халқаро террор ташкилотлари сафларида 120 нафар қозоғистонлик эркак, 250дан ортиқ аёл ва 500га яқин вояга етмаган бола бор.

XS
SM
MD
LG