Ссылки доступа

Нур-Султонда кўпболали оналар яна намойишга чиқди (видео)


16 май куни ўнлаб оналар, жумладан кўп болали оналар ва ёлғиз оналар ўзларининг ижтимоий аҳволлари яхшиланишини талаб қилиб пойтахтдаги ҳокимият биносига келдилар.

Тўпланганларнинг баёнот беришича, ҳукумат томонидан кўп болали оилаларни турар жой биноси билан таъминлашга қаратилган дастур самара бермас экан. Уларнинг айтишларича, турар-жойлар бошланғич бадалларсиз ва банк комиссияларисиз тақдим қилиниши керак экан.

Улар ўтган ойда ўзларининг таклифларини Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевга, Бош вазир Асқар Маминга ва парламент депутатларига юборишган эди. Ҳокимият биноси олдида тўпланган аёлларнинг айтишларича, бу мактублар белгиланган манзилларга етиб бормаган. Улар мактуб Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига жўнатилганига эътироз билдиришди.

10 яримларда ҳокимият биноси олдида тўпланганлар олдида шаҳар ҳокими ҳам, унинг ўринбосарларидан бирортаси ҳам чиқмаганидан сўнг оналар Конгресс марказ томон йўл олдилар, бу ерда бугун Остона иқтисодий форуми иш бошлади. Шундан сўнг уларнинг олдига чиққан ҳокимият вакили пойтахт бошлиғи Бахит Султановнинг ўринбосарлари оналар билан учрашиш ниятида эканини айтди. Аммо оналар ўринбосарлар “ҳеч нарсани ҳал қила олмаслик”ларини айтишиб ортга қайтишни исташмади.

Аёлларнинг “Азаттиқ” (“Озодлик”нинг қозоқ хизмати)га айтишларича, Конгресс маркази томон йўлга чиққан машиналарни полиция ходимлари тўхтатгани боис оналар пиёда йўлларида давом эттишган.

Маҳаллий ОАВнинг хабарига кўра, Остона иқтисодий форумининг очилишида Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевва мамлакат собиқ президенти Нурсултон Назарбоев чиқиш қилди.

Кўп болали оналарнинг муҳтожларга ижтимоий ёрдамни кучайтириш борасидаги талаблари февраль ойида пойтахтдаги бир оилада юз берган ёнғиндан сўнг беш нафар қизчанинг вафот этганидан сўнг бошланди. Оммавий норозиликлар фонида ўша вақтда мамлакат президенти бўлган Нурсултон Назарбоев ҳукуматни истеъфога чиқарган эди.

Апрел ойида президент Қасим-Жомарт Тоқаев ҳар бир бола учун ойда 21 минг тенге миқдорида бериш орқали кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қонунни имзолади. Турли минтақаларда айрим оналар ижтимоий кўмак учун ҳужжатларни расмийлаштиришда мураккабликлар мавжудлигидан шикоят қилишган.

XS
SM
MD
LG