Ссылки доступа

Олий суд Атамбаевга даъво иши бўйича «Ата Мекен» юристлари фойдасига қарор чиқарди


Қирғизистон Олий суди собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг «Ата Мекен» партияси юристлари Қанатбек Азиз ва Таалайгул Токтакуноваларга нисбатан берган даъвоси бўйича Октябрь туман судининг қарорини бекор қилиш тўғрисида Бишкек шаҳар суди чиқарган ҳукмни ўз кучида қолдирди.

«Азаттиқ»қа Қанатбек Азизнинг маълум қилишича, шу тариқа, юристлардан 10 миллион сом (143 минг доллардан кўп) олиш, уларнинг банк ҳисоблари музлатилиши ва мамлакатдан ташқарига чиқмаслик тўғрисидаги қарор бекор қилинди.

Эслатиб ўтамиз, ҚР Бош прокуратураси 2017 йилда ўша вақтдаги президент Алмазбек Атамбаевнинг “қадри ва шаънини ҳимоя қилиш” мақсадида даъво аризасини берган ҳамда Қанатбек Азиз ва Таалайгул Токтакунованинг ҳар биридан 10 млн сом талаб қилган эди.

Ўз навбатида жавобгарлар, 2018 йилги Конституцион палата қарорига таянган ҳолда, «бош прокурор президентнинг рухсатисиз унинг қадри ва шаънини ҳимоя қила олмаслиги»ни таъкидлашган, ишни қайта кўриб чиқишни сўраб Октябрь туман судига мурожаат қилишган эди, аммо уларнинг илтимоси рад қилинди. Шундан сўнг юристлар туман судининг қарорини бекор қилишни сўраб Бишкек шаҳарсудига мурожаат қилдилар.

Бош прокуратура «давлат раҳбари қадри ва шаънини ҳимоя қилиш» мақсадида даъво аризасини 2017 йил мартида Таалайгул Токтакунова ва Қанатбек Азиз матбуот анжумани ўтказганидан сўнг берган эди. Анжуманда юристлар, ҚР президенти Алмазбек Атамбаев Дача-СУ қишлоғида ҳалокатга учраган Boeing-747 самолётидаги юкка гўёки алоқаси борлигини таъкидлашган эди.

XS
SM
MD
LG