Ссылки доступа

Маҳмуд Ражаб: Устимдан жиноий иш очилганини Интернетдан билдим


Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси 14 май куни шоир ва журналист, Маҳмуд Ражабга нисбатан жиноят иши Тергов департаменти раҳбарияти томонидан назоратга олинганини билдирди.

Янгибозор туман ИИБ мулозимининг 15 май куни айтишича¸ жиноят иши бўйича дастлабки терговни Хоразм вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси олиб бормоқда.​

«Жиноят ишига, 2019 йилнинг 26 март куни “Тошкент” аэропортида кўздан кечирилган Маҳмуд Ражабнинг қора рангли сумкасидан чиққан 26 дона китоб, бир дона “Mi 5+” русумли уяли телефон аппарати ва ундаги ёзувлар сабаб бўлгани» ҳақида ëзади ИИВ бошқармаси.

Маълумотномада Маҳмуд Ражабнинг уйи тинтилгани ҳақида ҳам тафсилотлар бор:

«Тинтув давомида М.Раджаповнинг хонадонидан уяли телефон, ноутбук, дисклар, 3 дона Туркия давлатида чоп қилинган (шу жумладан, «Пайғамбарлар тарихи») диний мазмундаги китоблар ва бошқа ҳужжатлар ўрганиш учун олинган. Тинтув якунида гумон қилинувчи М.Раджапов баённомага имзо чекишдан бош тортган, бу ҳақда тинтув баённомасида кўрсатиб ўтилган» дейилади ҳужжатда.

Хоразмлик 56 яшар журналист ва шоир Маҳмуд Ражаб 15 май куни ўзига қарши жиноят иши очилганини Интернетдан ўқиганлигини айтади:

-Бу айблов шу пайтгача расман билдирилмаган менга. Адвокат сўров юборганида ҳам сукут сақлашган. Менга қарши жиноят иши очилгани сир тутилган негадир. Бугун ўқидим баëнотни ва бошдан оëқ уйдирма айб¸ дейди ўз уйидан туриб гаплашган Маҳмуд Ражаб.

Маҳмуд Ражаб “Европа Бирдамлик маркази” ташкилотининг таклифи билан 22-25 март кунлари Грузиянинг Тбилиси шаҳрида бўлиб ўтган халқаро семинарда иштирок этган. Маҳмуд Ражабнинг айтишича, қайтиш билети Истанбул орқали бўлганлиги ва у ерда Тошкент учоғини кутиш учун ихтиёрида беш соат бўш вақти борлиги учун аэропортда муҳожиратда яшайдиган шоир ва “Эрк” демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳ билан учрашган.

- Хоразмдан Солиҳ акага укалари ўрик қоқи, олма қоқи каби совғалар бериб юборган эди. Аэропортда учрашиб, совғани топширдим. Укалари ва мухлислари Солиҳ аканинг китобларидан олиб келишни илтимос қилган эди. Хуллас, Солиҳ аканинг шеърлари ва публицистикаси битилган ҳамма китобларидан, Муҳаммад Бекжоннинг китобидан, жами 26 та китоб олиб келдим.

Маҳмуд Ражабнинг сўзларига кўра, бу китобларни Тошкент аэропорти божхоначилари олиб қўйган. Журналист божхоначилар унинг мобил телефонини ҳам олиб қўйишганини айтади. Ана шу воқеадан уйига етиб борган Маҳмуд Ражабнинг уйида 10 май куни таништирмаган орган ходимлари тинтув қилади.

Янгибозар туман ИИБ мулозимининг 15 май куни айтишича¸ Республика Бош прокуратурасининг 2019 йил 8 майдаги кўрсатмасига асосан жиноят иши бўйича дастлабки терговни Хоразм вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси олиб бормоқда.

- Маҳмуд Ражабнинг уйига чақирив қоғози жўнатилган. У17 май куни терговчи Йўлдошевнинг олдига сўроқ бериш учун чақиртирилган¸ дейди мулозим.

Маҳмуд Ражаб “Маърифат” газетасида мухбир бўлиб ишлаган. Унинг айтишича 2018 йили йили ўзининг Фейсбук саҳифасида мухолифатдаги сиёсатчи Муҳаммад Солиҳ расмини қўйгани ортидан тазйиққа учраган.

XS
SM
MD
LG