Ссылки доступа

Амнистияга ишониб Тожикистонга қайтган ака-укалар қамоққа олинди


Роғун шаҳрида туғилган ака-укалар ўзларини экстремизм учун жавобгарликка тортмаслик борасидаги ҳукумат ваъдасига ишониб ватанга қайтганлардан сўнг қамоққа олиндилар. Бу ҳақда Роғуннинг Қалъаи нав шаҳарчасида яшовчи Абдумўмин Ражабов маълум қилди.

«Ўтган йили укам Насимжон Ражабов хукуматнинг амнистия тўғрисидаги ваъдаларига ишониб Россиядан Тожикистонга қайтди, аммо ушланди ва ҳукм қилинди. Бундан аввал худди шундай холат бошқа бир укам - Раҳматулло Ражабов билан юз берди», - дейди ака.

2015 йилда Тожикистон хукумати ҳарбий ҳаракатлар ҳудудларидан ўз истаклари билан қайтган ва зўравонликлардан воз кечган фуқароларга нисбатан амнистия берилишини таклиф қилди. 2015 йилда Тожикистон Жиноят кодексининг 401- (прим. 1) моддасига киритилган ўзгартишда, бошқа мамлакатлар ҳудудларидаги ноқонуний қуролли гуруҳлар фаолиятида қуроли гуруҳлар фаолияти тўхтатилишидан аввал ўз ҳохишлари билан иштирок этишдан воз кечсалар жиноий жавобгарликдан озод қилинишлари таъкидланади. Ҳукумат мамлакат ташқарисида экстремизда гумон қилинаётганларга ҳам амнистия беришни ваъда қилди.

«2018 йил февралида укам Насимжон ватанга Москва-Душанбе рейсида қайтиб келди. Аммо уни аэропортнинг ўзида ҳибсга олдилар», - дейди Абдумўмин Ражабов. «Мен ўғлим билан атиги уч дақиқа гаплашдим. Бизнинг олдимизга милиция ходимлари келиб, Насимжон бир иккита саволларга жавоб бериши лозимлигини айтишди. «Ҳавотир олманг, эртага тонги саккизда ўғлингизни уйга олиб кетишингиз мумкин», - дейишди улар. Аммо биз у билан орадан бир неча ой ўтиб суд залида кўришдик», - дейди Насимжон Ражабовнинг онаси Натижа Холиқова.

Душанбе шаҳридаги Исмоил Сомоний туман судидагиларнинг айтишларича, Насимжон Ражабов 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган - у ТР ЖКнинг 307- моддаси 2-қисми («ОАВ ёки интернет тармоғи орқали Тожикистондаги конституцион тузумни куч билан ағдариб ташлашга ошкора чақириқ») бўйича айбланди.

Ундан аввалроқ, оиланинг яна бир фарзанди - Раҳматулло Ражабов амнистия тўғрисидаги ваъдаларга ишониб юртга қайтган, аммо хибсга олинган ва 3 йилу 8 ой муддатга колонияга ҳукм қилинган эди. «Раҳматуллонинг айби шундаки қандайдир диний баҳсда «жумаги» (марҳумлар хотирасига пайшанба кунлари ўтказиладиган маросим) одатига қарши чиққан ва бу одатни ҳаром деб атаган, - дейди Абдумўмин Ражабов.

«Укаларим ҳеч қачон террор ёки экстремистик гуруҳларнинг аъзоси бўлмаган. Насимжон “жиҳод” ҳақидаги қандайдир мақолани ижтимоий тармоқдаги бошқа фойдаланувчиларга улашган. Аммо у қилган ишидан пушаймон бўлган ва ҳукумат ўзини ўйламай босган қадами учун кечиришига умид қилган ҳолда ватанга қайтиб келган», -дейди Абдумўмин Ражабов.

Тожикистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Ойнихол Бобоназарованинг фикрича, ҳукуматнинг бу каби муносабати экстремизда гумон қилинган, аммо якуний қарорга келмаганларнинг ватанга қайтиб келишларига тўсқинлик қилади. «Бу давлат, халқ ва амалдорларнинг манфаатларига қаршидир», -дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Тожикистон ИИВ маълумотларига қараганда, 2018 йил бошидан бери экстремизмда айбланган ва террор гурухларнинг пушаймон бўлган 160 аъзоси ватанга ўз ҳохишлари билан қайтиб келган.

XS
SM
MD
LG