Ссылки доступа

Тожикистон Саразмнинг 5500 йиллигини байрам қилишга $6 миллиондан кўп маблағ ажратди


Тожикистон ҳукумати Марказий Осиёдаги энг қадимий тарихий-архелогик ёдгорлик бўлмиш –Саразм шаҳарчасининг 5500 йиллигига тайёргарлик кўриш ва байрам қилиш мақсадида 60 млн. сомони ($6 млн.дан кўп) маблағ ажратди.

Саразм юбилейи 2020 йилнинг 12 сентябрида нишонланади. Асосий тантанали тадбирлар Панжикентда бўлиб ўтади.

Январ ойида бўлажак музей пойдеворига биринчи тош қўйиш билан Саразм шаҳарчасининг 5500 йиллигини байрам қилиш ишлари бошлаб юборилди. Юбилей муносабати билан Панжикент шаҳрида янги кутубхона ва тиббиёт маркази бинолари қурилади, тожик-форс адабиёти асосчиси Абуабдулло Рудакий мақбарасининг гумбази реставрация қилинади. «Тожикфильм» киностудиясида қадимий шаҳар ҳақида ҳужжатли фильм яратилади.

Саразм 1997 йилда Панжикент тумани ҳудудидан археолог Абдулложон Исхақов томонидан топилди. Шундан бери у ерда домий равишда археологик ишлар олиб борилмоқда. Саразм ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг моддий мероси рўйхатига киритилган.

«Саразм» номи тожикча «сари замин» («замин бошланиши») сўзидан келиб чиққан. Мазкур қадимий шаҳарча Панжикент туман марказидан 15 км ғарбда, Зарафшон дарёсининг чап соҳилида жойлашган. Яхши сақланган сарой, ибодатхона, жамоат ва турар жой бинолари катта тарихий ва маданий аҳамиятга эга. Бу ёдгорлик Икки дарё оралиғида бронза даврига оид ягона бўлгани боис Марказий Осиё тарихи учун муҳим аҳамиятига эгалиги эътиборга олинган ҳолда бу ерда 1983 йилдан бошлаб халқаро ва миллий даражада экспедициялар иш олиб борилади.

Қазишма ишлари олиб бориладиган жойдан металл ва тош буюмлар, шунингдек қимматбахо тошлардан ясалган кўплаб тақинчоқлар топилган. Тураргоҳ Бақтрия-Марғиёна археологик комплекси яқинда жойлашган. Тураргоҳнинг вайрон бўлиши бу ҳудудларга ҳинд-эрон кўчманчи қабилаларининг ҳужум қилиш даврига тўғри келади.

XS
SM
MD
LG