Ссылки доступа

«Мегаком» компанияси раҳбари ҚР бош вазирининг қайнотасидан бўлаётган таҳдидлар ҳақида баёнот берди


Парламентда «КТ Мобайл» фаолиятини ўрганиш бўйича депутатлар комиссиясининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Таклиф қилинганлардан бири –«Альфа Телеком» ЁАЖ бош директори Ақилбек Жамангулов депутатларнинг саволларига жавоб берар экан, бош вазирнинг қайнотаси Иманқадир Рисалиев томонидан бўлаётган таҳдидлар ҳақида гапирди.

«Иманқадир Рисалиев ҳукуматда 3-4 марта мажлис ўтказди. У уч марта президент аппарати раҳбари ўринбосарининг хонасида қабул қилди. Ўша ерда бу лойиҳани [ «КТ Мобайл» мобил оператори] имкон қадар тезроқ амалга оширилиши юзасидан топшириқлар берилди. Бундан ташқари, 2-3 ҳафта муқаддам Давлат Алоқа қўмитасида мажлис бўлиб ўтди. Уни Рисалиевнинг шахсан ўзи олиб борди. Мажлисда Давлат мулк жамғармаси, Давлат алоқа қўмитаси, ГАС, «Альфа Телеком» ва«КТ Мобайл» раҳбарлари иштирок этди», - деди Жамангулов.

У депутатлар комиссиясига таҳдидлар борасидаги хабарларни ёзма тарзда беришга ваъда қилди.

Депутат Алмамбет Шикмаматовнинг саволига берган жавобида у, таҳдидлар бир неча бор бўлганини, бу таҳдидлар унинг оиласига таълуқли бўлгани боис ҳам бу ҳақда очиқ айтишга қарор қилганини айтди. «Бу бир неча бор бўлди. Чунки мен бу лойиҳага қарши чиққан эдим, шунақанги таҳдидлар бўлдики!. Таҳдидлар «Мен текширувларни уюштираман, ҳуқуқ-тартибот идораларини жалб қиламан. Мен сени йўқ қилиб юбораман, оиланга, болаларинга эҳтиёт бўл», -дейишгача борилди”, - дея қўшимча қилади «Альфа Телеком» бош директори.

15 май куни «Азаттик» радиосига берган интервьюсида «Открытое правительство» (“Очиқ ҳукумат”) ташкилоти котибияти раҳбари Иманқадир Рисалиев баёнот бериб, ўғли ишлаётгани боис «КТ Мобайл»га алоқаси борлигини билдирди. У лойиҳадаги бошқа алоқаларни инкор қилди. Аммо 15 май куни унинг ўғли Эрназар Иманқадир уулу «КТ Мобайл» бош директори ўринбосари лавозимидан бўшатилди. Рисалиев бош вазир Мухаммедқалий Абилгазиевнинг қайнотаси бўлади.

Парламент депутати Жанар Акаев баёнот бериб, "КТ Мобайл" билан боғлиқ янги “Салам” мобил опеератори тор доирадаги шахслар манфаатлари йўлида ишга туширилаётганини айтди. Унинг баёнотига қараганда, компания атрофидаги вазият хукуматга ишончсизлик билдириш даражасигача етиб бориши мумкин.

XS
SM
MD
LG