Ссылки доступа

Ашхобод расмийлари итларни тутмоқда, президент эса уларга китоб бағишламоқда


Туркманистон президенти 16 май куни ўзининг янги китоби устида иш бошлади, бу гал китоб итларга бағишланади. Шу билан бирга пойтахт расмийлари шаҳар кўчаларида юрган дайди итларни ушлашда давом этмоқда, айрим ҳолларда итларни ушлашда шафқатсизликлар содир бўлмоқда.

"14 май куни Гаудан "В" мавзеидаги №84 болалар боғчаси ҳудудида, болалар муассасада бўлган бир вақтда янги туғилган кучуклар билан бир ит арматурада шафқатсизларча калтакланди. Аввалига итни бошига уришди, кейин эса шафқатсизлик билан аста-секин ўлдира бошладилар", дея хабар беради Азатлиқ мухбири. Унинг айтишича, кучукларни коммунал хизматнинг Бегенч исмли ходими ўлдирмоқда экан.

Айрим гувоҳларнинг сўзларига қараганда, ҳайвонларни ўлдириш маҳаллий аҳолининг кўз олдида юз бермоқда. "Кучуклар анча вақт акиллаб туришди, кейин жим қолишди. Қўшни уйларнинг деразаларидан одамлар бу жараённи томоша қилиб туришди. Аммо ҳеч ким аралашмади. Иккиқат ит болалар боғчасидан ўзига бошпана топган эди, одамлардан яширинган ҳолда жим ётарди, аммо боғча мудираси ҳайвонларни тутиш хизматини чақирди", - дея хабар беради ҳодиса гувоҳи бўлган Ашхободда яшовчи фуқаро.

Кўчаларда дайди ҳайвонларни тутиш ва ўлдириш Ашхобод учун одатий холга айланди. Ҳар қандай жойда ит ва мушукларни тутиш фонида Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов итлар ҳақида янги китоб ёзишга киришди. «Нейтральный Туркменистан» марказий нашрида босилган мақолада таъкидланишича, янги китоб бўйича ишни президент 16 май куни Копетдағдаги Ахалтека от мажмуасида бошлаб юборди.

Расмий матбуотнинг хабарига кўра, президент Бердимуҳамедов ўша куни аввалига Шаполат лақабли ахал тека отида сайр қилди, сўнг янги туғилган алабай кучугини кўрди, унга “алоҳида ажралиб турган хислатларига мос” лақаб қўйди, сўнг ўзининг иш хонасида бу зотдаги итларнинг сифати ҳақида китоб ёзишга киришди.

Феврал ойида давлат раҳбари итлар учун ихтиссослаштирилган клиника очиш борасида фармойиш берди, унинг таъкидлашича, "туркман халқи ҳамиша уй ҳайвонларига ўта масъулият ва ғамхўрлик билан муносабатда бўлган". Орадан бир ҳафта ўтиб мамлакат Тадбиркорлар ва саноатчилар бирлашмаси, президент томонидан ваъда қилинган клиника учун маблағ тўплашга киришди,ветклиника учун $62 000 тўплангани эълон қилинди.

XS
SM
MD
LG