Ссылки доступа

Тожикистонда колонияда юз берган исён оқибатида 30дан ортиқ киши ҳалок бўлди


Тожикистон ғарбидаги Вахдат шаҳрида жойлашган қаттиқ режимли колонияда 19 май куни кечқурун юз берган исён оқибатида уч нафар қўриқчи ва 29 нафар махбус ўлдирилди. Бу ҳақда мамлакат Адлия вазирлигига таянган ҳолда ҳукуматга тегишли "Ховар" агентлиги маълум қилди.

Тожикистон Адлия вазирлигининг маълумотига кўра, 19 май куни кечқурун колониядаги “Ислом давлати”га алоқаси бўлган 30 нафар маҳбус қочиб кетишга уринган. Пичоқ ва ўткир буюмлар билан қуролланган исёнкорлар колониянинг уч нафар қўриқчисини аввалига гаровга олди ва кейинчалик ўлдиришди. Шундан сўнг жарима изоляторидан ИДига мансубликда айбдор деб топилган 8 нафар ўта хавфли жиноятчини озод қилишди, сўнг бошқа маҳкумларни қўрқитиш мақсадида уларнинг кўз ўнгида беш нафар маҳбусни ўлдиришди ва ўнлаб бошқа маҳбусларни ярадор қилдилар, дейилади Республика Жазони ижро этиш Бош бошқармаси хабарида.

Шундан кейин исёнкорлар колониядаги тиббиёт қисмини ёқиб юборишди, бир нечта маҳбусни гаровга олишди ва ўзларининг озод этилишларини талаб қилдилар. Исённи бостириш операцияси мобайнида 24 нафар маҳбус ўлдирилди, 35 киши ушланди, дейилади расмий хабарда. Мамлакат Бош прокуратураси томонидан жиноий иш қўзғатилди.

Муассасанинг маълум қилишича, исён ташкилотчилари сифатида фаолияти тақиқланган экстремистик гуруҳ, жумладан ИД аъзолари кўрилмоқда. Уладан бири ОМОНнинг собиқ қўмондони, Сурияга қочиб ўтиб, жиҳодчилар сафига қўшилган Гулмурод Ҳалимовнинг ўғлидир.

Ўтган тунда Вахдатдаги колониянинг маҳсус блокида ўз эрлари билан узоқ муддатли учрашувга келган айрим маҳбусларнинг рафиқалари отишма тахминан 21:00да бошланганини ва ярим соат давом этганини айтишди.

«Мен эрим билан учрашувга келган эдим ва бу ерда яна бир кун бўлишим керак эди. Кутилмаганда тартибсизликлар бошланди ва мендан муассасани тарк этиб уйга қайтишимни сўрашди. Аввалига биз бинони тарк этмаслигимизни сўрашди, кейинроқ эса хавфсизлик нуқтаи назаридан кетишимизни илтимос қилишди. Отишма вақтида эрим ёнимда эди, ҳозир у ҳамма қаторида ва мен унинг учун қайғураяпман», -дейди ўз исмни ошкор қилишни истамаган аёл.

Вахдатга элтувчи йўл7 кмдан бошлаб қуролли кучлар томонидан кучайтирилган тартибда қўриқланмоқда, қўшимча блок-постлар қўйилди.

Ўтган йилнинг ноябрида Тожикистон шимолидаги Хўжанд шаҳридаги қаттиқ режимли колонияда юз берган исён оқибатида 23 киши, жумладан икки нафар қўриқчи ҳалок бўлган эди.

XS
SM
MD
LG