Ссылки доступа

Фарғоналик экологлар "Экологик партия"га аъзо бўлишга мажбурланмоқда


"Ecologic party" meeting in Uzbekistan
"Ecologic party" meeting in Uzbekistan

Фарғона вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг айрим ходимлари “Ўзбекистон Экологик партияси” га аъзо бўлишга мажбурланганликларини хабар қилди.

Бошқарманинг ходими ўзи ва ўнлаб ҳамкасби ишдан ҳайдалиш ҳақидаги пўписалар билан “Ўзбекистон Экологик партияси” аъзосига айлантирилганини айтди.

Улардан партияга ҳар ой 2200 сўмлик аъзолик бадалини тўлашга розилиги ҳақида ҳам тилхат олинган.

“Ўзбекистон Экологик партияси” Марказий Кенгашининг Озодлик гаплашган мулозими партияга аъзоларни жалб этиш мутлақо ихтиёрий бўлаётганини айтди.

Фарғона вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг ходими "Ўзбекистон Экологик партияси" аъзоларни қабул қилиш партия устави ва мамлакат конституциясига зид тарзда амалга оширилаётганини айтди.

“Экологик ҳаракат" негизида яқинда "Экологик партия" тузилганди. 400 мингта аъзоси бўлмаса¸ партия бўлмас экан. Шунга булар бошлиғимизни ўртага қўйиб бизни ҳаммамизни, мутлақо қонунчиликка зид тарзда аъзо қилдиришаяпти. Аъзо бўлишдан бош тортганларни рўйхат қилиб, раҳбарнинг столига қўйишар экан. Қўрқиб ҳамма аъзо бўлаяпти”.

Фарғона вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг яна бир ходими илгари бошқа партияга аъзо бўлиб қўйганлар ҳам “Ўзбекистон Экологик партияси”га аъзо қилдирилаётганини айтади.

“Бизга ҳар ой взнос тўлаш ёқмаяпти. Ҳозирча бир ойда 2200 сўм бўлиб, йил сайин ортиб борар экан бу. Шунақа план қўйишган, 100 фоиз ҳамма шу партиянинг аъзоси бўлиши керак экан. Илгари бошқа партияга аъзо бўлиб қўйганларни ҳам мажбурлашяпти. Ҳужжатларни тўлдиришга ҳам одамларни олиб келишган, анкеталарни ўзлари тўлдириб, партияга қўшиб қўйишяпти”.

Фарғона вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг мулозими идоранинг аксар ходими "Ўзбекистон Экологик партияси" аъзолигига қабул қилинганини тасдиқлади.

"Хоҳловчилар дейилди, мажбурлаш бўлмади. Деярли 100 фоиз одам қўшилди. Ўзи кўпчилик илгаридан сўраб юришувди улар шу партияга қандай аъзо бўлсак бўлади, деб. Чунки бизнинг ишимиз ҳам экология билан боғлиқ-да".

“Ўзбекистон Экологик партияси” Марказий кенгашининг исми очиқланмаслигини истаган мулозими партия сафини кенгайтириш учун барча вилоят ва туманларда янги аъзоларни жалб этиш ишлари олиб борилаётганини айтди.

Айни пайтда бу мулозим ҳам партияга янги аъзоларни жалб этиш мутлақо ихтиёрий асосда амалга оширилаётганини таъкидлади.

“Ҳозир партия сафларини кенгайтириш учун жойларда ишлар кетаяпти. Лекин, хеч қанақа мажбурлаш бўлаётгани йўқ, одамларнинг ўзлари истаб қўшилаяпти, ўзлари келаяпти "мени аъзо қилинг", деб. Ҳеч қанақа мажбурлаш бўлаётгани йўқ”.

"Ўзбекистон Экологик партияси" 2008 ташкил этилган "Ўзбекистон экологик ҳаракати" негизида шу йил 8 январь куни таъсис этилди.

Партиянинг расмий сайтида қанча аъзоси борлиги ҳақида маълумот йўқ.

Ўзбекистондаги расмий матбуотда 2008 ташкил этилган "Ўзбекистон экологик ҳаракати"нинг 75 минг аъзоси бўлгани айтилади.

XS
SM
MD
LG