Ссылки доступа

Бишкекда зўравонлик қурбонлари хотирасига акция ўтказилади


Бишкекда бугун 27 май куни, зўравонлик ва келин ўғирлаш қурбонлари хотирасига бағишланган акция бўлиб ўтади.

Тадбир ташкилотчиларидан бири Гуляйым Айилчининг Азаттbқ радиоси (“Озодлик” радиосининг қирғиз хизмати)га айтишича, бу куннинг танланишига, Жайил туман ИИБ биносида Бурулай Турдаалы қизининг ўлдирилишига бир йил тўлиши сабаб бўлган.

«Асосий мақсад– муаммо ҳақида қирғиз жамиятига маълумот беришдан иборат. Никоҳга мажбурлаш муаммоси мавжудлигига эътибор қаратиш керак. Бошқа томондан– бу йил мана шу куни Бурулай Турдаали қизининг ўлдирлганига бир йил тўлди. Биз мана шу тадбирини ўғирланиш оқибатида катта бўлишга улгурмай вафот этган Бурулайнинг хотирасига бағишлаймиз. Қиз ўғирлаш ва никоҳга мажбурлаш учун жазо кучайтирилган бўлишига қарамай, муаммо йўқолиб кетмади», – дейди Айилчи.

Фаоллар интернетда зўравонлик қурбонларини ёдга олишга чақиришмоқда ва Уркуя Салиева ҳайкали олдига келиб, унинг пойига гул ва қўғирчоқлар ташлаб кетишмоқда.

2018 йилнинг 27 май куни Чуй вилоятининг Жайил туман ИИБ биносида тиббиёт коллежининг 20 ёшли талабаси Бурулай Турдаали қизи ўлдирилди. Қотилликда никоҳга олиш мақсадида қизни ўғирлаган эркак айбланди. Милиция бўлимида қизга пичоқ билан оғир жароҳат етказган йигит ўзига ҳам жароҳат етказди. Юз берган ходиса жамиятда анча шов-шувларга сабаб бўлди, Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков юз берган ҳодисани диққат билан тергов қилишга чақирди.

Бишкек шаҳар суди 27 феврал куни Свердлов туман судининг Бурулай Турдаали қизининг қотиллиги юзасидан чиқарилган ҳукмни ўз кучида қолдирди. Асосий судланувчи Марс Бодошев 20 йил муддатга қаттиқ режимли колонияга ҳукм қилинди ва мол-мулки мусодара этилди. Унинг дўсти Акмат Сейитов 7 йил қамоққа ҳукм қилинди.

XS
SM
MD
LG