Ссылки доступа

Қозоғистон мудофаа вазирлиги: Россиядаги ибодатхонага ажратилган пул бюджетга тааллуқли эмас


Қозоғистон мудофаа вазирлиги баёнот бериб, «Россия қуролли кучларининг бош ибодатхонаси» учун Қозоғистон томонидан бир миллион рубл (15 625 доллар атрофида) миқдорида пул маблағи ажратилганини маълум қилди.

27 май душанба куни Азаттиқ (“Озодлик”нинг қозоқ хизмати)нинг ёзма мурожаатига Қозоғистон мудофа вазирлигидан олинган жавобда таъкидланишича, бу маблағлар ҳомийлик пуллари бўлиб бюджетга алоқаси йўқ. Мудофаа вазирлигининг мактубида батафсил маълумот берилган, аммо “аҳлоқий нуқтаи назаридан ҳомийлар ўзларини ошкор қилишларини исташмагани”, «чунки ёрдам шов-шув учун эмас балки қаҳрамон қозоғистонликларнинг хотирасини абадийлаштириш учун кўрсатилган”.

“Қозоғистон ҳарбий муассаси томонидан Россия Қуроли кучларининг бош ибодатхонасини молиялаштириш” борасидаги хабар 14 май куни Россиянинг давлатга тегишли ТАСС ахборот агентлиги томонидан Қозоғистон мудофаа вазирининг ўринбосари генерал-лейтенант Муслим Алтинбаевга таянган ҳолда тарқатилган эди. У Нур-Султонда Қозоғистон-Россия мудофаа сиёсатини мувоффиқлаштириш бўйича маслаҳатлашувида баёнот берди. Қанча маблағ ажратилгани борасида вазир ўринбосари Алтинбаев аниқ маълумот бермади, аммо бош ҳарбий ибодатхонада иккинчи жаҳон урушида иштирок этган қозоғистонликларнинг номи абадийлаштирилишини айтиб ўтди.

Бундан аввал Қозоғистон инқироз туфайли 2018-2020 йилларда мамлакат бюджети қисқартирилиши ва бюджетнинг даромадлар қисми камайтирилиши фонида мудофаа ҳаражатларини салкам 25 фоизга оширган эди.

Шу билан бирга мудофаа вазирлиги ўзининг жавобида қаҳрамон қозоғистонликларнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида архив матералларини тўплаш устида иш олиб борилаётганини таъкидлаб ўтган. «Қозоғистон томони Россия мудофаа вазирлигига Улуғ Ватан уруши майдонларида жанг қилган қозоғистонликларнинг қахрамонликлари акс этган фотография, қисқача таржима ҳол, шунингдек тарихий маълумотларни электрон кўринишда юборди», — дейилади вазирлик баёнотида. Қайд қилинишича, бу материаллар “Хотира йўли” галереясини яратишда фойдаланилади.

Россия армиясининг бош ибодатхонаси мамлакатдаги энг йирик диний иншоатлардан бирига айланиши керак. Ибодатхона Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан 2020 йилда Москва вилоятидаги Кубинкада барпо этилиши режалаштирилган.

XS
SM
MD
LG