Ссылки доступа

Тожикистонда маҳаллий расмийлар фитр садақасини тўпламоқда


Тожикистонда маҳаллий расмийлар Рамазон Ҳайитигача диндорлар томонидан берилиши керак бўлган Фитр садақаси (садақаи фитр)ни йиға бошлади. Мамлакатнинг барча минтақаларида эҳсон берилиши керак бўлган кам таъминланган ва етим-есирларнинг рўйхати тузила бошланди.

Ўтган йилдан бошлаб Тожикистон Ислом марказининг уламолар Кенгаши диндорлар Фитр садақаси (садақаи фитр)ни махсус комиссияга топширишлари мумкинлиги борасида қарор қабул қилди, жумладан, махсус комиссия таркибига маҳалла раислари ва маҳаллий имом-хатиблар кирган. Комиссия аъзолари тушган хайрия пулларни кам таъминланганларга тарқатишлари керак.

Бироқ, Тожикистон мусулмонлари диний бошқармасининг маълум қилишича, ҳар бир инсон фитр садақасини кимга беришини ўзи ҳал қилади, ёки махсус комиссия аъзолари орқали бериши мумкин.

Бу йил фитр садақасининг миқдори ҳар бир инсон учун 5 сомонини ташкил қилади. Тожикистон мусулмонлари диний бошқармасининг маълум қилишича, бу маблағ ислом шариати бўйича икки килограм буғдойнинг ўртача нархидан келиб чиққан ҳолда белгиланди.

Тожикистон дин, анъана, урф-одам ва маросимлар Қўмитасининг маълум қилишича, ўтган йили маҳаллий расмийлар томонидан Ид-ал-фитр эҳсони сифатида 40 млн. сомони ($4,3 млн.)дан кўпроқ маблағ тўпланган. Тожикистон Ислом маркази Уламолар кенгаши раҳбари Саидмукаррам Абдулқодирзоданинг ҳайит намози бошлангунга қадар айтишича, тушган барча пуллар эҳтиёжмандларга берилган. «Жумладан Марказий Жомъе масжиди пулларни пойтахтдаги 48 та кам таъминланган оилаларга берди», - деган эди руҳоний.

Бу йилги «закот» миқдори 500 сомони дея белгиланди ва закотни камида 20 минг сомони миқдорида пули бўлган мусулмонларнинг бериши таъкидланди, дея хабар берди Тожикистон Ислом маркази.

Хатлон вилоят маъмурияти матбуот котиби Баҳром Мировнинг 27 май куни маълум қилишича, минтақадаги барча шаҳар ва туманларда тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ва хайрия пулларини тўплаш бошланди. Қанча миқдорда хайрия тўплангани ва ҳукумат томонидан қандай тақсимлангани борасида байрамдан сўнг эълон қилинади, деди Баҳром Миров.

Рамазон — мусулмонлар учун муқаддас ой. Бир ой давомида мусулмонлар субҳдан шомга қадар овқат емайди, сув ва бошқа ичимликларни ичмайди, сигарет чекмайди ва жинсий яқинлик қилмайди. Рўза тутиш бомдод номозидан беш дақиқа аввал бошланиб, шом намозидан аввал оғиз очилади.

XS
SM
MD
LG