Ссылки доступа

Фарғонада МИБ ва Солиқ бошлиқларига “ичагини бошига салла қилиш” билан таҳдид қилинди


Shuhrat Ganiyev
Shuhrat Ganiyev

Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг овози деб иддао қилинаётган аудиоёзувда овоз эгаси вилоят Мажбурий ижро бюроси ва Солиқ идораси бошлиқларига уларнинг “ичагини суғуриб, бошига салла қилиш”, билан таҳдид қилади.

Овозли ëзувни жўнатган фарғоналик тадбиркорнинг айтишича¸ бу аудиони унинг ўзи 22 май куни вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган мажлисда ёзиб олган. Аудиони ёзиб олган фарғоналикнинг иддао қилишича, МИБ ва Солиқ бошқармалари бошлиқларини ҳақорат қилаëтган амалдор – Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевдир. Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг овози деб иддао қилинаётган аудиода овоз эгаси вилоят Мажбурий ижро бюроси ва Солиқ бошқармаси бошлиқларини “сотқин”, “дорнинг остидан қочган маразлар”, деб атайди, уларга “ичагингни суғуриб оламан”, "қаматаман" деб дўқ-пуписа қилади.

“Умринг 5 йил, 10 йил қамоқда ўтади. Сен МИБни бошлиғи бўласанми, бошқа бўласанми, ундан нари бўласанми, сен номардларни қаматтираман. Мен ўзимни зўрға босиб турибман, ичагингни олиб, бошингдан салла қилиб қўйиш қўлимдан келади”, - дейди овоз эгаси.

Шунингдек, Фарғона вилояти ҳокими, дея иддао қилинаётган шахс вилоят МИБ ва Солиқ бошқармаси бошлиқларини Тошкентдан эканини пеш қилиб, Фарғонани ботқоққа ботираётганликда айблайди.

“Сен номардлар, солиқни бошлиғи - Тошкент шаҳар фуқароси, МИБни бошлиғи - Тошкент шаҳар фуқароси. Фарғонага лавозимга тайинланиб, фарғоналикларни ботқоққа ботиряпти, деб мен сенларни муҳокама қиламан. Имконият топилса мен сенларни ичак-чавоғингни суғуриб оламан. Лекин айтиб қўйишим керак, қаматаман иккаловингларни. Солиқни бошлиғи ҳам, МИБни бошлиғи ҳам иккаловинг жавобгар бўласан. Мана шу май ойида бажарайлик, бажарилмаса иккаловинг жавобгар бўласан, жиноий жавобгарликка торттираман. Менга унақа сотқинлар керак эмас. Булар сотқин булар. Булар куляпти бизни фарғоналиклар устидан. Куляпти булар. Номард бўлмаса 3 миллиард 700дан 229 миллион пул ундирадими. Бутун дорни тагидан қочган маразлар йиғилган”, - дейди Фарғона вилояти ҳокими экани ишонилаётган овоз эгаси.

Фарғона вилояти ҳокими МИБ ва солиқ бошқармалари бошлиқларини нега танқид қилгани маълум эмас.

Аммо, икки ярим минутлик аудиодан ҳар икки идора режани бажармагани ҳокимнинг ғазабини келтирган бўлишини тахмин қилиш мумкин.

XS
SM
MD
LG