Ссылки доступа

Путин, Лукашенко ва Жээнбеков «Назарбоев ордени» билан тақдирланди


Қозоғистон раҳбари Россия президенти Владимир Путин, Беларус раҳбари Александр Лукашенко ва Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбековни давлат мукофоти —«Қозоғистон биринчи президент – элбоши Нурсултон Назарбоев ордени» билан тақдирлади.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев томонидан «Евроосиё интеграцияси тўғрисидаги ғоя ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи тўғрисидаги шартнома имзоланганининг 25 йиллиги муносабати билан, шунингдек Қозоғистон билан ҳамкорликни чуқурлаштириш ва кенгайтиришга қўшган алоҳида ҳиссаси учун» уч мамлакат етакчисини мукофотлаш тўғрисида имзоланган фармон 28 май сешанба куни расмий матбуотда эълон қилинди. Фармон имзоланган кундан бошлаб кучга киради.

Москва томонидан бошқариладиган савдо-иқтисодий блок таркибига Арманистон ҳам киради. 29 май чоршанба куни Қозоғистон пойтахтида ЕОИИ саммити бўлиб ўтади, унда Назарбоевнинг ташкилот фахрий раиси этиб сайланиши кутилмоқда.

Назарбоев 19 март куни президентлик вазифасини топширди, аммо кўплаб муҳим ваколатларини сақлаб қолди. Бу йил 79 ёшга тўладиган Назарбоев 1990 йил апрелидан бери Қозоғистон президенти вазифасини эгаллаб келаётган эди. У вақтда Қозоғистон СССР таркибидаги республика эди.

Танқидчилар ва ҳуқуқ ҳимоячилари бир неча бор Назарбоевни бошқача фикрловчиларни бостиришда, ҳокимиятни суиистеъмол қилишда, ўз ваколатларини нодемократик йўл билан узайтиришда айблаб келади. Танқидларга жавобан ҳукумат мамлакатда инсон ҳуқуқларига риоя этилиши, демократик институтлар ривожланиб бораётгани ҳақида баёнот беради.

XS
SM
MD
LG