Ссылки доступа

Қирғизистонда «Акнет» телекоммуникацион компания президенти тергов изоляторига жойлаштирилди


«Акнет» компанияси президенти Кубан Ажимудинов Вақтинчалик тергов изоляторига жойлаштирилди. Бу ҳақда Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги маълум қилди.

Хабарларга қараганда, у билан бирга «Строй сеть» ОАЖ бош директори ва бош бухгалтери ҳам ушланган. Терговнинг фикрича, бу компания «Акнет» билан боғлиқ бўлиб, у орқали катта миқдордаги пуллар ўзлаштирилган.

«Жиноий иш тергови вақтида аниқланишича, 2017 йилда абонент тўловлари сифатида «Акнет» ОАЖга 1 миллиард сом (17 млн доллардан кўпроқ)дан ортиқ пул келиб тушган, аммо«Акнет» 2017 йил якунлари бўйича 195 миллион сом миқдорида соф фойда кўрганини кўрсатган, қолган маблағларни харажатлар сифатида қайд қилган. 2018 йил якунлари бўйича «Акнет» ОАЖ ҳисобига 1,2 миллиард сомдан ортиқ пул абонент тўловлари сифатида келиб тушган. Тергов вақтида «Акнет» ОАЖ мансабдор шахслари томонидан ҳаражатлар асоссиз равишда ошириб кўрсатилгани ва 150 миллион сомлик солиқлар тўланмагани аниқланди», -дея қайд қилади ИИВ.

Шунингдек яна таъкидланишича, «Акнет» ОАЖ билан боғлиқ яна 11 та фирма аниқланган. «2016 йил июнидан 2018 йилга қадар «Акнет» ОАЖдан унга боғлиқ фирма - «Строй сеть» ОАЖга 101 099 401 сом ўтказилган, кейинроқ бу пуллар нақдлаштирилган ва хизмат кўрсатиш мақсадларида ўзлаштириб юборилган, аммо ҳужжатлаштирилмаган. Шу каби бошқа фактлар ҳам бор», - дейилади расмий пресс-релизда.

Ушланганлар ҚР Жиноят кодексининг 205-моддаси, 2- қисми 1-прим, 3- қисми 1- прим (Бир гуруҳ шахслар томонидан тил бириктириш асосида катта миқдордаги маблағларни ўзлаштириш ва камомад қилиш) бўйича жиноят содир этганликда гумон қилинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг 22 ноябрида мамлакат ваколатли идоралари «Акнет» идорасида тинтув ўтказган эди. Молия полицияси 2019 йил январида баёнот бериб “Акнет” ОАЖ интернет-провайдерига нисбатан қўзғатилган жиноий иш доирасида 85 млн сом ундирилганини маълум қилди. Кейинроқ тергов тўхтатилгани маълум бўлди.

Аммо март ойи сўнгида Бош прокуратура молия полициясининг қарорини бекор қилди ва терговни ИИВга топширди.

XS
SM
MD
LG