Ссылки доступа

Москвага яна толиблар келди


“Толибон” радикал ҳаракати вакиллари яна Москвага келди. Барадар Охунд бошчилигидаги 14 кишидан иборат толиблар делегацияси Кобул ва Москва ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 100 йиллигига бағишлаган тантанали тадбирнинг очилишида иштирок этди.

Россия пойтахтига шунингдек нуфузли афғон оқсоқоллари ва сиёсатчилари, жумладан Афғонистон собиқ президенти Ҳамид Карзай ҳам келди.

Тантанали мажлисни очган Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Афғонистондан хорижий қўшинларни тўлалигича олиб чиқиб кетилишига чақирди. "Россия Афғонистондаги можаро ҳарбий йўл билан бартараф этилмаслигига ишонади. Барқарорлаштиришнинг ягона йўли – сиёсий-дипломатик воситалар орқали тинчликка эришишдир. Биз мамлакатдан ажнабий қўшинларнинг тўлалигича олиб чиқиш тарафдоримиз. Барча афғон томонларига мурожаат қилиб зудлик билан кенг қамровли сиёсий-жамоатчилик кучларни жалб қилган ҳолда музокаралар бошлашга чақирамиз", -деди Лавров.

Толиблар ҳам худи шу фикрни қўллаб-қувватлайди. Уларнинг вакили сешанба куни баённот бериб, Қатарда АҚШ билан бўлиб ўтаётган музокараларда Афғонистондан Америка қўшинларининг олиб чиқиладиган муддатлари муҳокама қилинаётганини айтди. Толибларнинг баёнотига қараганда, музокараларнинг навбатдаги раундида келишувга эришишга умид қилишмоқда.

“Толибон” делегациясининг вакили Москвада баёнот бериб, делегация аъзолари Лавров билан аввалроқ хусусий учрашув ўтказганларини ва бошқа расмийлар билан учрашишни режалаштиришаётганини айтди.

Бу “Толибон” делегациясининг йил бошидан бери Россия пойтахтига иккинчи ташрифидир. Февралда Москвада халқаро конференция бўлиб ўтди, унинг ишида Афғонистон ҳукумати, мухолифат, “Толибон” делегацияси, шунингдек жаҳоннинг кўплаб мамлакатларидаги афғон диаспораси вакилари ҳам иштирок этди. Ўша учрашув якунида томонлар Афғонистондан ажнабий қўшинларнинг тўлалигича олиб чиқилиши ва “Толибон” БМТнинг “қора рўйхати”дан чиқарилиши борасида даъват билан чиқдилар.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг ноябрида террор ташкилоти сифатида фаолияти Россияда тақиқланган “Толибон” илк бор Москвада бўлиб ўтган Афғонистонни барқарорлаштиришга бағишланган музокараларда иштирок этган эди. Учрашув мамлакатда тинчлик борасида Москва формати маслаҳатлашувлари доирасида ўтказилди.

XS
SM
MD
LG