Ссылки доступа

Тожикистон парламентининг қуйи палатаси ҳарбий ҳолат тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади


Тожикистон парламентининг қуйи палатаси депутатлари 29 май куни “Ҳарбий ҳолат тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қабул қилди. Ҳужжат расмийларга ҳарбий ҳолат вақтида мамлакат мудофаасини таъминлаш мақсадида фуқароларнинг мулкини олишга, шунингдек маҳаллий ОАВда цензура ўрнатишга имкон беради.

“Ҳарбий ҳолат тўғрисида”ги Қонун мабодо ташқи тажаавуз пайдо бўлгудек бўлса, Тожикистон фуқароларини мамлакатни ҳимоя қилиш учун оёққа туришини юклайди. Ҳарбийлар аҳоли мулкидан фойдаланишлари мумкин, аммо фуқароларнинг мусодора қилинган объектлари ва транспорт воситалари учун товон тўлашлари керак бўлади.

Ҳарбий ҳолат вақтида ваколатли идораларга алоқа, босма нашрларни назорат қилиш, оммавий ахборот воситаларида цензура ўрнатиш имконияти берилади, дейилади ҳужжатда. Қонун лойиҳаси ҳарбий ҳаракатлар жойининг чегарасини белгилайди, ҳарбий ҳолат вақтида республика раҳбарияти ва давлат идоралари ваколатларини аниқлаб беради.

Тожикистон мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари Эмомали Собирзода депутатлар олдида чиқиш қилар экан, “Ҳарбий ҳолат тўғрисида”ги қонун лойиҳаси уруш вақтида Тожикистонга қарши тажовузни ёки тажовуз хавфини бартараф этиш ва республика мудофаа қудратини мустаҳкамлаш мақсадида мамлакатни химоя қилиш учун ҳуқуқий асосларни яратиш мақсадида ишлаб чиқилганлигини айтди.

ТР Конституциясига биноан, мамлакат ҳудудида ёки унинг айрим қисмларида ҳарбий ҳолат давлат раҳбари томонидан жорий қилинади, шу билан бирга президент фармони парламентнинг ҳар икки палатасининг қўшма мажлисида тасдиқланиши керак.

Тожикистон расмийлари бирор марта ҳам тўғридан тўғри мамлакатга хавф ёки ташқи агрессия ҳақида баёнот бермаган. Аммо Душанбе бир неча бор қўшни Афғонистон шимолидаги беқарор вазият ва у ерда террор гуруҳларининг тўпланиб бораётганидан ўз ташвишини билдирган.

XS
SM
MD
LG