Ссылки доступа

Фаоллар халқаро ҳамжамиятни ўзбек пахтасига бойкотни тўхтатмасликка чақирди


Ўзбекистонлик бир гуруҳ ҳуқуқ фаоллари халқаро ҳамжамиятни ҳозирча ўзбек пахтасига бойкотни тўхтатмасликка чақирди.

Марказий Осиёдаги меҳнат ҳуқуқлари бўйича мониторинг миссияси сайтида эълон қилинган мурожаатни Ўзбекистонда пахта теримида мажбурий меҳнатга жалб қилиш масаласини кўп йиллардан бери ўрганиб келаётган фаолар Малоҳат Эшонқулова, Елена Урлаева, Ўктам Пардаев ва Азимбой Отаниёзов имзолаган.

“Биз 2018 йилнинг 15 ноябригача шахтёрлар, электриклар, кимё заводлари ишчилари, милиция ходимлари, ҳарбийлар, тадбиркорлар, “Ўзбекнефтегаз” ходимлари, банк хизматчилари айрим туманларга пахта териш учун олиб кетилганини кузатдик”, дейилади мурожаатда.

Фаоллар Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга тўла барҳам берилмагунига қадар, бойкотни бекор қилиш керак эмас, деб ҳисоблайдилар.

Апрель ойида Халқаро Меҳнат ташкилоти ҳам 2018 йилда Ўзбекистонда 170 мингга яқин одам пахта теришга мажбурлангани ҳақида билдирган.

25 март куни АҚШ ўзбек пахтасига жорий этилган тақиқни бекор қилган.

Cotton Campaign халқаро коалицияси 2010 йили Ўзбекистонда етиштирилган пахтага бойкот эълон қилиш тадбирини бошлаган эди. Бунга Ўзбекистонда болалар ва катталар пахта теримида мажбурий меҳнатга жалб этилаётгани асосий сабаб бўлган. Бойкотга Nike, Zara, GAP, Levi"s, H&M, UNIQLO ва бошқа жаҳонга машҳур брендлар қўшилган эди.

Февралда Бош вазир ўринбосари Танзила Норбоева халқаро ташкилотлар томонидан ўзбек пахтасига эълон қилинган бойкотни тўхтатиш масаласида музокаралар олиб бориш учун АҚШга борган ҳамда Cotton Campaign вакиллари билан учрашган.

XS
SM
MD
LG