Ссылки доступа

Назарбоевга расман «фахрий сенатор» мақоми берилди


Қозоғистон парламенти сенатининг депутатлари 30 май пайшанба кунги ялпи мажлисда Қозоғистон собиқ президенти Нурсултон Назарбоевга “фахрий сенатор” мақоми берилиши юзасидан овоз бердилар. Хабарларга кўра, мажлис иштирокчиси бўлган 40 нафар депутатнинг ҳаммаси қарорни “бир овоздан” қўллаб-қувватлади.

Назарбоевга фахрий сенатор мақомини бериш борасида қарор тўғрисида расмий матбуот шу ҳафта бошларида, унинг катта қизи Дариға Назарбоев раислигида бўлиб ўтган Бюро мажлисидан сўнг хабар берилган эди. Дариға Назарбоева март ойида отасининг истеъфога чиққанидан сўнг парламент сенати раиси этиб тайинланган эди. Назарбоевга «фахрий сенатор» мақомини бериш тўғрисидаги ташаббус 20 март куни Назарбоев истеъфосидан кейин қасамёд қабул қилган сенатнинг собиқ спикери Қасим-Жомарт Тоқаев томонидан илгари сурилган эди.

Кеча, 29 май куни Евроосиё Олий Иқтисодий Кенгаши мажлисида Тоқаев Назарбоевга Евроосиё Иқтисодий Иттифоқининг фахрий раиси мақоми берилганини эълон қилди. Саммит олдидан Назарбоев Россия етакчиси Владимир Путин, шунингдек Беларус президенти Александр Лукашенко ва Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбековни ўзининг номи билан аталувчи орден билан тақдирлади. Мукофотлар Қозоғистон пойтахтида топширилди, март ойидан бери пойтахт номи Нур-Cултон дея ўзгартирилган.

“Фахрий сенатор” мақомининг берилиши Қозоғистон давлатининг асосчиси, Конституция, инсон ва фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоячиси, жамиятни жипслаштирувчи, мамлакат тараққиётининг стратегик йўлини белгилаб берган Қозоғистон биринчи президенти – елбасининг тарихий хизматларини эътироф этилишидир, — дейилади сенат матбуот хизмати баёнотида.

Назарбоев Қозоғистон раҳбарлигига Совет Иттифоқи тарқалиб кетиши арафасида келди ва мамлакатни салкам 30 йил бошқарди. Нурсултон Назарбоев 19 март куни президентлик лавозимини топширди, аммо кўплаб муҳим ваколатларни ўзида сақлаб қолди. 2018 йилда Назарбоев умрбод Қозоғистон Хавфсизлик Кенгашига раҳбарлик қилиш имкониятини қўлга киритди. Биринчи президентга қонун йўли билан елбасы («эл боши») титули берилган, бу титул унга ва унинг оиласига умрбод ҳар қандай жиноий ва фуқаровий ишлар бўйича таъқиб қилинмаслик иммунитетини беради.

XS
SM
MD
LG