Ссылки доступа

Туркманистонда 764 нафар махбус озод қилинди


Туркманистон раҳбарияти томонидан эълон қилинган авфга биноан жазони ижро этиш жойидан 764 киши озод қилинади.

Муқаддас Рамазон ойининг Лайлатул-Қадр кечаси муносабати билан эълон қилинган авф тўғрисидаги фармон Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов томонидан имзоланди.

Туркманистон Давлат матбуотининг хабар қилишича, 29 май куни ҳукумат мажлисида ҳужжатни имзолаган Туркманистон президенти мамлакат бош прокурори Б.Атдаевга ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари билан ҳамкорликда авф қилинган барча маҳбуслар яқин ораларда озод қилиниб, ўз оиласи бағрига қайтиши учун тегишли чоралар кўрилиши юзасидан топшириқ берди.

"Афв акциясини ўтказар эканмиз, деди давлат раҳбари, биз одамларга қилган айблари учун пушаймон бўлиш, янги ҳаёт бошлаш, ҳалол меҳнати билан айбини ювиш ва мамлакат тараққиётига ҳисса қўшиш имкониятини яратиб берамиз", - дея хабар берди давлатга тегишли ТДХ ахборот агентлиги.

Мақолада таъкидланишича, туркман етакчиси маҳаллий хукумат идоралари раҳбарларига афв қилинган фуқароларни ишга жойлаштириш учун зарур чоралар кўришни топширди, ҳамда улар ўз оиласи ва мамлакат фаровонлиги йўлида виждонан ишлашлари борасида тилак билдирди.

Туркманистонда аҳоли жон бошига ҳисоблаганда маҳбуслар сони Марказий Осиёнинг бошқа давлатларига нисбатан кўпдир, бу мамлакатда 2006 йил охирларида ҳокимиятга Гурбангули Бердимуҳамедов келганидан кейин у ёки бу байрам муносабати билан афв эълон қилиш анъанага айланди.

XS
SM
MD
LG