Ссылки доступа

Европа Кенгаши раҳбари Тоғли Бадахшонга ташрифи чоғида Помир музликлари аҳволидан ташвишга тушаётганини билдирди


Дональд Туск Душанбега келиши биланоқ Помир музликлари билан боғлиқ вазият билан танишиш мақсадида Тоғли Бадахшонга жўнаб кетди. Туск Марказий Осиё мамлакатлари бўйлаб ташрифини Тожикистондан бошлади.

Европа Кенгаши раҳбари Дональд Туск ўзининг саҳифасида пайшанба куни ташриф буюрган Сарез кўлига бағишланган бир нечта суратларни жойлаштирди. «Бу ерда иқлим ўзгаришлари оқибатларини кўриш мумкин. Ҳозиргача бешта музлик йўқолиб кетди, сув сатхи кўтарилиб бормоқда. Иқлим ўзгариши – бу жаҳон муаммоси ва биз биргаликда уни бартараф этишимиз керак», - дея ёзди Туск.

Тожикистон фавқулотда вазиятлар ва фуқаро мудофааси қўмитаси ва ТБМВдаги «Фокус» дастурининг маълум қилишича, Туск бошчилигидаги ЕИ делегацияси Сарез кўлида бўлди. Сарез кўлига бориш йўлида меҳмонлар Памир устидан парвоз қилдилар. ЕИ делегациясига ТБМВ маъмурияти раҳбари Ёдгор Файзов ҳамроҳлик қилди.

Сарез кўли 1911 йил февралида юз берган 7 баллик зилзила оқибатида пайдо бўлган. Сув омборига фожиага қадар бу ерда мавжуд бўлган Сарез қишлоғининг номи берилди. Мутахассисларнинг фикрича, табиий офат оқибатида пайдо бўлган тўғон мустаҳкам эмас ва каттароқ зилзила юз бергудек бўлса вайрон бўлиши ва яқин атрофдаги ҳудудларни сув остида қолдириши мумкин экан. 2000 йилда Қозоғистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматлари раҳбарлари жаҳон ҳамжамиятига мурожаат қилиб, Сарез кўли билан боғлиқ муаммони ҳал қилишда молиявий ва интеллектуал ёрдам беришга чақирган эди. Айнан 2000 йилда хатарларни камайтириш борасида халқаро лойиҳа ишга туширилди.

Бундан аввал Европа Кенгаши сайтида маълум қилинганидек, Дональд Туск Марказий Осиё мамлакатлари бўйлаб ташрифи чоғида Тожикистонда мамлакат президенти Эмомали Раҳмон, Қозоғистонда президент Қасим-Жомарт Тоқаев ва биринчи президент Нурсултон Назарбоев ва Ўзбекистонда президент Шавкат Мирзиёев билан учрашади.

«Кун тартибидан минтақавий ва икки томонлама ҳамкорлик масалаларидан ташқари, иқлим ўзгаришлари, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чегараларни бошқариш, шунингдек минтақавий хавфсизлик ҳам муҳим ўрин олган», - дейилади сайтда эълон қилинган пресс-релизда.

Эслатиб ўтамиз, 15 май куни Европа комиссияси Марказий Осиёдаги собиқ совет республикалари билан “янада шаффоф, замонавий ва узилмас ҳамкорлик алоқаларини яратиш” мақсадида Марказий Осиё билан ҳамкорлик ривожланиши борасида янги стратегия қабул қилди. Расмий маълумотларга кўра, 2007 йилдан 2014 йилга қадар ЕИ Марказий Осиёдаги мазкур мамлакатларга €750 миллиондан ортиқ маблағ киритган. Бу маблағларни асосан Қирғизистон ва Тожикистон олган.

XS
SM
MD
LG