Ссылки доступа

Олмаотада митингларнинг бир нечта иштирокчиси уй қамоғига олинди


Олмаота Тергов суди 1 июн куни кечқурун икки нафар аёл, ёлғиз оналар Жазира Демеуова ва Гулзипа Джаукеровага нисбатан эҳтиёт чорасини кўриш борасида қарор қабул қилди.

Суд қарорига кўра фаолияти тақиқланган ташкилот фаолиятида иштирок этишда гумон қилинаётганлар икки ой муддатга уй қамоғида ушлаб турилади. Бундан аввалроқ шанба куни худди шу каби қарор кўп болали она Оксана Шевчукка нисбатан қабул қилинган эди, у ҳам суд томонидан экстремистик дея тан олинган «Демократический выбор Казахстана» (“Қозоғистон Демократик танлови”) ҳаракатида иштирок этишда айбдор деб топилди. (ДВК-хорижда истиқомат қилувчи қозоғистонлик банкир Мухтар Аблязов томонидан ташкил этилган).

48-ёшли Демеуова ва 51-ёшли Джаукеровани адвокат Гулнара Жуаспаева ҳимоя қилди. Адвокат суддан ўз ҳимоясидаги Демеуовага нисбатан уй қамоғи билан боғлиқ бўлмаган бошқа бир эҳтиёт чораси кўришни сўради, чунки аёлнинг қарамоғида ёш қизчаси, шунингдек икки нафар невараси бор, невараларининг онаси (Демеуованинг қизи) оилани боқиш учун эрталабдан кечгача ишлайди. Авваллари Демеуова уйда Интернет орқали ишлаб пул топиш имкониятига эга эди, аммо тинтув вақтида унга тегишли бўлган ноутбук мусодора қилингани боис у ишсиз қолди.

Адвокат Жуаспаева томонидан ҳимоя қилинаётган яна бир аёл Гулзипа Джаукерованинг икки фарзанди бор – энг каттаси 18 ёшда (коллеж ўқувчиси), кичиги эса 9 ёшда. Бироқ, адвокат Жауспаеванинг сўзларига қараганда, кичик фарзандининг саломатлиги сабабли вазият анча мураккабдир. Джаукерованинг айтишича, ижара уйда истиқомат қилади ва ижара муддати 6 июн куни якунланади. Усуддаги сўзида ўзига мос хонадон топган тақдирда ҳам ижара учун пул топа олмайди.

Джаукерова ва Демеуова судда баёнот беришар экан, «Демократический выбор Казахстана» (ДВК) ҳаракатининг аъзоси эмасликларини айтишди, аммо ўзларига ДВК дастуридаги кўпболали оналарга ёрдам бериш ва халқ фаровонлиги борасидаги қоидалар ёқишини таъкидладилар.

Адвокат Жуаспаева суд эътиборини бу аёллар оғир бўлмаган – жазо учун жарима тўлашни кўзда тутувчи Жиноят Кодексининг 405 модаси бўйича жиноят содир этишда гумон қилинаётганига қаратди ва судга қадар тергов вақтида уларни уй қамоғига жойлатиришга ҳожат йўқ деган фикрни билдирди.

Судья Алма Абдухалиқова Жазира Демеуова ва адвокат Гулнара Жуаспаеванинг фикрларини тинглади. Маслаҳат хонасидан қайтиб кирганидан сўнг, у Демеуовани уй қамоғига олиш борасида қарор қабул қилди. Судья Сирим Джақсилиқов ҳам Джаукеровага нисбатан худди шу каби қарор чиқарди. 6 июн кунидан бошлаб Джаукерованинг уйи бўлмагани боис у қаерда уй қамоғида сақланади, деган саволга судья Джақсилиқов бу муаммо билан суд эмас, балки Олмаота полиция департаменти шуғулланишини айтди.

Жазира Демеуова, Гулзипа Джаукерова ва Оксана Шевчук 1 май куни Олмаотада бўлиб ўтган рухсат берилмаган оммавий намойиш вақтида қўлга олинган ўнлаб иштирокчилардир. Бу уч аёлни 9 май куни «Ўлмас полк» йиллик намойиши вақтида бошқа кишилар қатори ҳибсга олишган эди. Май ойи ўрталарида улар Қозғиситонда фаолияти тақиқланган ҳаракат аъзолигида гумон қилинаётгани маълум бўлди.

XS
SM
MD
LG