Ссылки доступа

Туркманистон пойтахтида гуруч ва шакар учун навбатлар сақланиб турибди


Шу кунларда Туркманистон пойтахтидаги давлат дўконларида шакар, гуруч ва ўсимлик мойини давлат томонидан ўрнатилган нархларда сотиб олиш мақсадида узундан узоқ навбатлар пайдо бўлган.

«Дўконларнинг ҳовлиси олдида навбатда турганларнинг сони 100 кишига етган. Улар орасида қўлларида ёш болаларни кўтариб олган оналар, кексалар, аёллар, ўсмир ва болалар ҳам бор. Улар эрта тонгдан навбатга туришади. Шакар, гуруч ва ўсимлик мойи дўконларнинг орқа эшигидан сотилмоқда», - дея хабар беради Ашхободдаги «Азатлиқ» радиоси мухбири.

Мухбирнинг сўзларига қараганда, гуруч бир қўлга уч килограммдан, бир килограмми 8 манат (икки ярим доллар)дан сотилади. Шакарни эса бир киши фақат бир килограммдан нархи 7 манат (иккидолларга яқин)дан сотиб олиши мумкин. Хусусий савдо нуқталарида бир килограмм гуручни 20 манатдан (олти доллар), шакарни эса 12 манатдан (уч ярим долларга яқин) сотиб олиш мумкин.

«Азатлиқ» радиоси Туркманистон Савдо ва ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигидан мазкур муассасага тегишли бўлган дўконлар олдидаги навбатлар ҳақида изоҳ олишга муваффақ бўлмади.

«Азатлиқ» радиоси шунингдек, давлатга тегишли дўконларда узундан узоқ навбатлар пайдо бўлаётган бир вақтда бозорларда озиқ овқат маҳсулотларининг нархи кўтарилиб бораётганини маълум қилади.

Туркманистонда салкам икки йилдан бери асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ва кундалик харид товарларнинг тақчилиги кузатилмоқда. Шакар, ўсимлик ёғи, товуқ тухуми, шуниндек ун ва нонни давлат томонидан белгиланган нархларда сотиб олиш учун мунтазам равишда навбатлар пайдо бўлади.

XS
SM
MD
LG