Ссылки доступа

Прокуратура Олмаотадаги изоляторда эмизакли боланинг бўлишида қонун бузилишларини аниқламади


Олмаота прокуратураси ўтган ойда етти ойлик Ева Шевчукнинг вақтинчалик ушлаб туриш изоляторида бўлишида қонун бузилишларини аниқламади, гўдак суд томонидан тақиқланган ташкилотга алоқаси борликда гумон қилинган онаси Оксана билан бирга изоляторга юборилган эди.

Оксананинг адвокати томонидан берилган шикоят аризасига жавоб қайтарган прокуратуранинг таъкидлашича, 9 май куни қўлида боласи бўлган Шевчукни ушлаган ҳамда она ва болани бир неча соат изоляторга жойлаштирган полиция департаменти ходимларига нисбатан чора кўриш учун асос йўқ.

"Шуни хабар қиламанки, О.Н.Шевчук ва унинг гўдак қизи Е.Шевчукни Олмаота ПД [полиция департаменти]га олиб боришда қонун бузилишлари аниқланмади, чунки О. Шевчук гўдакни қариндошларига беришни истамади. Воз кечиш бевосита аудио- ва видеосуратларда акс этган ва О.Н Шевчук томонидан ёзма тасдиқланган", – дейилади Олмаота прокурори Берик Жуйриктаев жавобида.

Ўттиз уч ёшли она 1 май куни рухсат берилмаган митинг вақтида ва 9 май куни Олмаотада ўтаётган “Ўлмас полк” йиллик юриши вақтида ушланган эди. Ўшанда у кичик қизи Ева билан бир неча соат полицияда ушлаб турилган эди.

1 июнь куни Олмаотадаги ихтисослаштирилган туманлараро тергов суди икки ой муддатга Шевчукни уй қамоғига юборган эди. Шевчук ва яна бир кўп болали она Қозоғистонда фаолияти тақиқланган ташкилот фаолиятида иштирок этиш бўйича очилган жиноий ишда гумондор сифатида кўрилмоқда. Аёллар "Демократический выбор Казахстана"(“Қозоғистон демократик танлови” (ҚДТ) ҳаракатида иштирок этишда гумон қилинмоқда, бу ҳаракатга хорижда истиқомат қилувчи ва Қозоғистон ҳукуматини танқид қилиб келувчи Мухтар Аблязов асос солган. Шевчукнинг ўзи ҚДТга аъзо эмаслигини, аммо бу ҳаракат ғояларига мойил эканини айтади.

Қозоғистонда кўп болали оналарнинг ўзларининг оиласига ижтимоий турар жойлар берилиши ва болалар нафақаларини ошириш борасидаги норозилик намойишлари феврал ойи бошларидан бери давом этмоқда. Норозилик намойишлари ота-оналари ишда бўлган вақтда вақтинчалик бошпананинг ёниб кетиши оқибатида беш нафар қиз боланинг тириклайин ёниб кетишидан сўнг бошланди.

XS
SM
MD
LG