Ссылки доступа

Хўжанд колониясида "исённи келтириб чиқарганлар" махфий равишда Душанбега этап қилинди


Хўжанд колониясидаги исёнга алоқаси бўлганликда гумон қилинаётган маҳкумлар қариндошлари учун кутилмаганда Душанбега этап қилинди. Бу ҳақда Радио Озоди (“Озодлик” радиосининг тожик хизмати)га маҳбусларнинг қариндошлари маълум қилди.

Уларнинг сўзларига қараганда, қариндошларининг тақдири ҳақида ўзларига ҳеч нарса маълум эмас. Қамоқхоналар тизими раҳбариятининг маълум қилишича, Хўжанд колониясидаги бошқа маҳбусларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида этап амалга оширилган.

Мамлакат шимолидаги қамоқхонада юўз берган исёндан сўнг олти ой вақт ўтди, исёнга алоқаси бўлган 30 дан ортиқ махбус устидан суд давом этмоқда.

Хўжанд колониясидаги маҳбусларнинг қариндошлари 3 июн куни Радио Озоди билан суҳбатда тўрт кундан бери ўзларининг жигарбандлари тақдири ҳақида ҳеч нарса билмасликларини айтишди. Маҳбуслардан бирининг, ўзини Соробиби Ашурова дея таништирган онасининг айтишича, ҳозирда ўғли қаерда эканлигини билмайди. Унинг сўзларига қараганда, сўнгги бор ўғлига 29 май, чоршанба куни Хўжанддаги СИЗОга овқат олиб борган, аммо орадан икки кун ўтиб яна овқат олиб борганида, ўғли эндиликда бу ерда ушлаб турилмаётганлигини айтишган.

«Жума куни биздан ҳеч нарса қабул қилишмади. Ўғлим Душанбега этап қилинганини айтишди. Нафақат бизга, ҳатто адвокатга ҳам бу ҳақда айтишмаган», - дея қўшимча қилади Ашурова.

Исёнда иштирок этган бошқа маҳбусларнинг қариндошлари ҳам ўзларининг фарзандларини Хўжанд СИЗОсидан топа олмаганликларини айтишди. Шу билан бирга Адлия вазирлигига қарашли Жазони ижро этиш Бош бошқармаси раҳбарияти маҳбусларнинг Душанбега кўчирилганини тасдиқлади.

Жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи Мансуржон Умаровнинг айтишича, Хўжанд колониясидаги бошқа маҳбусларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида этап амалга оширилган. Суҳбатдошнинг 4 июн куни айтишича, “исёнкор”ларнинг кўпчилиги террор гуруҳлари, жумладан ИДга алоқадордир, шу сабабли ҳам эҳтимолий беқарорликларнинг олдини олиш мақсадида уларни Душанбега жўнатиш ҳақида қарор қабул қилинди, айнан пойтахтда уларга нисбатан ҳукм чиқарилади.

Хўжанддаги исёнда айбланаётганларнинг қариндошлари ўз ўғиллари ва эрлари тақдири ҳақида олти ойдан бери ҳеч нарсани билмасликларини айтишмоқда, суд жараёни эса ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтмоқда ва у ерга ҳеч ким киритилмаяпти.

Мавжуд маълумотларга қараганда, Хўжанд колониясида юз берган исён туфайли 33 нафар маҳбус такрорий жиноий жавобгарликка тортилмоқда. Улар устидан ТР Олий судининг кўчма суд жараёни март ойида бошланди ва ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтмоқда.

Давлат айбловчиси судланувчиларга берилган муддатга қўшимча 10-20 йил берилишини сўрамоқда. Уларга қотиллик, тан жароҳати етказиш, ҳукумат вакилларига қаршилик кўрсатиш ва жазони ўташ муассасидаги режимни бузиш айби қўйилмоқда. Бундан ташқари Хўжанддаги қаттиқ режимли №3/3 колониясининг саккиз ходими совуққонлиги учун шартли равишда 2,5 йил муддатга ҳукм қилинди.

Хўжанд ва Вахдат колонияларидаги исён ва қон тўкилишлари натижасида 57 киши вафот этди.

XS
SM
MD
LG