Ссылки доступа

Туман "Маҳалла" жамғармаси раҳбари машинада ўспиринни уриб кетди. Унинг маст ҳолда бўлгани иддао қилинмоқда


“Маҳалла” жамғармасининг Андижон вилоят, Марҳамат туман бўлими раис ўринбосари Адҳам Қўчқоров машинасида 15 яшар ўспиринни уриб юборди. Бир неча жойидан лат еган 9-синф ўқувчиси Муроджон Ғуломов маҳаллий шифохонага ётқизилди.

Ўзбекистон Бош прокуратурасига кўра, "ҳайдовчининг тиббий кўрикдан ўтгани, маст бўлмаганлиги аниқланган". Марҳамат туман ЙҲХ ходимининг айтишича, Адҳам Қўчқоров маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Аммо икки гувоҳ ҳайдовчи ўспиринни машинасида уриб кетишдан олдин спиртли ичимлик истеъмол қилганини ўз кўзи билан кўрганини айтди.

Гувоҳлардан бирининг айтишича, 2 июнь куни 21:30 ларда Марҳамат тумани "Маҳалла" жамғармаси раисининг ўринбосари, ИИБ собиқ подполковниги Адҳам Қўчқоров ўзининг "Ласетти" машинасида тумандаги 39-мактабнинг 9-синф ўқувчиси, 15 яшар Муроджон Ғуломовни "кайф ҳолда" уриб юборган:

"Қўчқоров кайф ҳолда велосипед рулига 20 метрлик кабель ўрамини илиб кетаётган болакайни орқадан бориб урди. Бола учиб кетди. Қўчқоров буни сезгани ҳам йўқ. Машина велосипедни кабели билан Марҳамат-Асака йўлидаги коллежгача судраб кетди. Кейин билсак, қарама-қарши йўлда келаётган одамлар, бир амаллаб Қўчқоровни тўхтатишган".

Бу гапни айтган гувоҳ бошқаларнинг айтганига таяниб Адҳам Қўчқоров воқеа жойидан қочиб кетганини айтди.

Бош прокуратура матбуот хизмати" ҳайдовчи тиббий кўрикдан ўтгани, маст бўлмаганлиги аниқланган"ини маълум қилди:

"Бу борада тиббиёт экспертизаси тайинланган. Ҳайдовчи тиббий кўрикдан ўтган, маст бўлмаганлиги аниқланган. Ҳолат ИИБдан рўйхатдан ўтган, туман ИИБ ДАН ходимлари томонидан суриштирув олиб борилмоқда".

Бироқ, икки гувоҳ Адҳам Қўчқоровнинг ҳодиса юз беришидан бир соатча олдин номаълум бир шахс билан Марҳамат шаҳри марказига яқин "Кўҳи Нур" ошхонаси ёнидаги ароқ дўкони ёнида ичиб турганини ўз кўзлари билан кўришганини айтди.

- Ифтор пайти эди. Ошхона ёнида турсак, биздан бир 20 метр нарида вино-водочний магазиннинг олдида ичиб туришовди. Икки киши эди улар. Лекин иккинчисини танимадим мен, - деди гувоҳлардан бири.

Унинг бу сўзларини тасдиқлаган иккинчи гувоҳ эса орадан бир соат ўтиб транспорт ҳодисаси юз берганидан хабар топганини билдирди:

- У одамни (Адҳам Қўчқоровни - Озодлик изоҳи) ҳамма танийди. Ичиб турганини кўриб: "Шу улуғ айём кунларида ичиб тургани ёмон бўлибди" деган гапни кўнглимдан ўтказиб ўтиб кетдим. Ўта оғир аҳволда эди ичганида. Кейин менга бир соат ўтиб бир танишим келиб "Адҳам бир болакайни уриб кетди. Кейин домнинг бўйида қопқоғи очиқ люкнинг ичигаям кириб кетди," деди.

Машина уриб юбориши оқибатида бир неча жойидан лат еган 9-синф ўқувчиси Муроджон Ғуломовнинг отаси Ўктам Ғуломов ҳодиса юз берган куни ҳеч кимни топиб бўлмаганини айтди.

- Ўша куни инсон зоти келмади. На участковой ва на ГАИ, на оформление. Ҳеч бало йўқ. Оғайним бор эди телефон қилди ГАИга. Кейин битта-битта бўлиб келишди, - деди Ўктам Ғуломов.

Ўктам Ғуломов ўғлига ҳозирда тиббий ёрдам кўрсатилаётганини билдирди. Унинг айтишича, "Маҳалла" жамғармаси раисининг муовини Адҳам Қўчқоров ўғлига зарур бўлган барча тиббий харажатларни қоплаётир.

ДАН ходими ҳайдовчи қилмиши учун жиноий жавобгарликка тортилмаслиги, иш маъмурий жазо билан беркитилишини билдирди.

XS
SM
MD
LG