Ссылки доступа

Тожикистонда кун иссиғида мактабда дарслар узайтирилди


Тожикистон Таълим вазирлиги ўқув йилини 14 июнга қадар узайтирди, аммо айрим мактабларда ўқув дастури якунланганига қарамай ўқувчилар материалларни такрорламоқда, айрим ўқувчилар эса мутлақо дарсга бормаяпти.

Бу йил Тожикистонда ўқув йили 14 июнга қадар узайтирилгани айрим ота-оналар ва педагоглар ўртасида тушунмовчиликларга сабаб бўлди.

Мамлакат Таълим вазирлигининг Ўқув методик маркази директори Шермуҳаммад Ёрмуҳаммадзода Радио Озоди (“Озодлик” радиоси тожик хизмати) билан суҳбатда ўқув йилининг узайтирилиши борасида изоҳ берар экан шундай дейди: «Айрим мактабларда дарслар учта сменада олиб борилади, шунинг учун дарсдан ташқари билим бериш ва конкурслар ўтказишнинг имконияти йўқ. Шу сабабли биз дарсларни икки ҳафтага узайтиришга қарор қилдик. Агар биз ўқув йилини қисқартирадиган бўлсак, ўқув дастурлари бажарилмай қолади. Ҳозир эса ўқувчилар тарбияси, уларнинг саводхонлигини оширишда яхши имкониятлар пайдо бўлди».

Авваллари ўқув йили 25 майда, сўнгги бир неча йилда эса июнь бошларида якунланарди. Аммо ота-оналар ва ўқитувчилар ўқув йилининг узайтирилишини ортиқча эканлигини таъкидлашади.

Душанбеда истиқомат қилувчи Анастасиянинг айтишича, агар ўқув йили аввалгидек 25 майда якунланса яхши бўларди. «Болалар чарчаб қолмоқда, уйқудан кеч турмоқда, мактабга боришга хоҳишлари йўқ, шу сабабли дарсга кеч қолишмоқда. 25 июнь куни битирув имтиҳонларини топширган11 синф ўқувчилари 2 июлда олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларини топширишлари керак! Кўриниб турибдики, уларнинг дам олиш ва куч тўплашга имкониятлари қолмайди. Улар қандай қилиб кириш имтиҳонлари учун куч тўплай оладилар?», - дейди бу аёл.

Ўрта мактаблардан бирининг ўқувчисининг онаси Гуландом Ёрмадованинг сўзларига қараганда, ўқув йилининг охирги кунлари ўғлини мактабга боришга зўрлайди: «ўғлим дарслар тугаганини айтар экан, у ерга бориб нима қиламан, яхшиси дам оламан дейди. Мен унга қарата мактаб 14 июнга қадар эканлигини айтиб, ўз вақтида дарсга бориши лозимлигини таъкидлаб, уришаман. У эса дастурда бор дарсларни ўтиб бўлишганини, ҳозир такрорлаш билан шуғулланишаётганликларини, бирор бир янги дарс йўқлигини айтади».

Шермуҳаммад Ёрмуҳаммадзода эса аксинча мактабларда жорий қилинган янгилик ўқув йили давомида имкониятлар тенг тақсимланганини айтади: «авваллари биз болаларга фақат қишда таътил берардик, ҳозир эса ҳар чоракда таътил берилмоқда, шу сабабли ҳам ўқувчилар, ҳам ўқитувчиларга дам олиш имкониятлари яратиб берилган».

Таълим вазирлиги ўқув йилининг узайтирилгани ўқувчилар фойдасига эканлигини таъкидлаётган бўлишига қарамай шу кунларда кўплаб ўқувчилар дарсларга келмаяпти. Рудакий туманидаги №80 ўрта мактаб ўқитувчиси Мунира Сирожева «режада кўзда тутилган барса дастурлар 25-майга қадар бажариб бўлинган, ўқув йили 14 июнга қадар узайтирилгани боис биз ўтилган мавзуларни такрорлаяпмиз холос», дейди.

Айни дамда Таълим вазирлигининг ишчи гуруҳи ўқув йилининг узайтирилгани билан боғлиқ натижаларни ва унинг самараси қандай бўлганини ўрганмоқда. Таълим вазирлиги вакиларининг сўзларига қараганда, ишчи гуруҳ хулосаларига қараб «келажакда ўқув жараёнига ўзгартишлар киритиш мумкин бўлади».

XS
SM
MD
LG