Ссылки доступа

6 мингдан ортиқ журналистлар зудлик билан Голунов озод этилишини талаб қилмоқда


Олти мингдан ортиқ ОАВ ходими "Медуза" мухбири Иван Голунов зудлик билан озод этилиши талаб қилинган очиқ мактубга имзо чекдилар. ИИВ, прокуратура ва Тергов қўмитасига ёзилган мурожаат шанба куни Журналистлар касаба уюшмалари сайтида пайдо бўлди.

Худди шу каби петицияни якшанба куни ўрталарида change.org сайтида бир юз ўн мингдан ортиқ киши имзолади.

Якшанба куни Москвада Голуновни қўллаб-қувватлаш мақсадида пикетлар бўлиб ўтди. Журналистнинг ҳамкасблари, жамоат ташкилотларининг фаоллари ва шунчаки бирдам одамлар Россия ИИВнинг Новослобод кўчасидаги Бош Тергов бошқармаси биноси, ИИВнинг Москвадаги бош бошқармасининг Петровка кўчасидаги биноси олдига чиқдилар. Шунингдек метронинг "Чистые пруды" бекатида ҳам пикет ўтказилди. Новослобод кўчасида Голуновнинг дўстлари ва ҳамкасблари унга нисбатан очилган жиноий таъқиблар тугамагунга қадар пикетлар ҳар куни ўтишини таъкидладилар.

"Медуза" нашри ҳибсга олинган журналистни қўллаб-қувватлаш мақсадида таниқли маданият ва жамоат арбоблари томонидан ёзиб олинган видеомурожаатни эълон қилишда давом этмоқда. "Медуза" ношири Галина Тимченко ҳибсга олинган журналист билан бирдамлик кампаниясини "мисли кўрилмаган" дея атади.

Иван Голунов катта миқдорда гиёҳванд моддалар сотишда айбланиб 6 июн куни кундузи ушланди. Кун давомида унга яқинлари билан учрашишга ва адвокат хизматидан фойдаланишга имкон беришмади, шунингдек унга нисбатан куч ишлатилди. Айбдор сифатида жавобгарликка тортиш борасидаги қарорга кўра, Голуновнинг рюкзаки кўздан кечирилаётганида умумий оғирлиги 3,65 грамм бўлган иккита халтачада N-метилэфедрони ва унинг уйидан оғирлиги 5,42 грамм таркибида кокаин бўлган модда топилган.

Москва полицияси гўёки Голуновнинг хонадонида бўлган нарколабораториянинг саккизта суратини эълон қилди. Шундан сўнг журналистнинг дўстлари ва ҳамкасблари унинг хонадонидаги ҳақиқий аҳвол акс этган суратларни эълон қила бошладилар, шундан маълум бўлдики унга нисбатан тарқатилган аввалги маълумотлар ёлғон бўлиб чиқди. Бунга жавобан полициячилар аввал эълон қилинган фотосуратлар бошқа жойда олинганини, бироқ Голуновга боғлиқ эканини айтишди, кейинроқ эса бу суратлар журналистга мутлоқо алоқаси йўқлигини ва “англашилмовчилик юз берганини” тан олдилар.

Голуновнинг таъкидлашича, гиёҳванд моддаларни унинг ёнига полициячиларнинг ўзлари ташлаб қўйган. Ўзига нисбатан жиноий таъқиб яқин орада эълон қилиниши кутилаётган дафн бизнеси борасидаги суриштирувлар билан боғлиқэканлигини айтмоқда. Суриштирувда ФХХнинг юқори лавозимли ходимларидан бирининг номи ҳам бор.

Тергов судга мурожаат қилиб журналистни ҳибсга олишни сўради. Шанба куни кечқурун эҳтиёт чораси кўрилаётган Москвадаги Никулин суди биноси олдида Голуновни қўллаб-қувватлаш мақсадида юзлаб москваликлар тўпланди. Россиянинг кўплаб шаҳарларида уни қўллаб-қувватлаш мақсадида пикетлар ўтказилди. Никулин суди журналистни 7 августга қадар уй қамоғида сақлаш борасида қарор қабул қилди. Шарҳловчиларнинг таъкидлашларича, гиёҳванд моддалар савдоси бўйича модда учун бундай эҳтиёт чораси кўрилиши жуда ҳам енгил ва бундай қарорнинг чиқарилишига жамоатчиликнинг норозиликлари сабаб бўлган.

XS
SM
MD
LG