Ссылки доступа

Бош прокуратура: С. Юсупов танасида қийноқ аломатлари аниқланмади


Ўзбекистон Бош прокуратураси шу кунда ДХХ ҳибсхонасида сақланаётган Саид-Абдулазиз Юсупов қийноққа тутилганига оид даъволарни рад этди.

Расмий баёнотда айтилишича, 8 июнь куни прокуратура томонидан тайинланган ҳимоячи А. Шаймардонов ва тергов устидан назорат олиб борувчи прокурор Д. Рахматуллаев бошчилигидаги мутахассис шифокорлар Юсуповни тиббий кўрикдан ўтказган ва "унинг танасида бирон-бир тан жароҳати ёки қийноқ аломатлари аниқланмаган".

Шунингдек, Юсупов ҳимоячиси Шаймардоновга берган ёзма тушунтиришида ўзига нисбатан тергов жараёнида "ҳеч қандай жисмоний ёки руҳий тазйиқлар ўтказилмагани, ҳозирда касаллиги бўйича тегишли дори воситалари ва тиббий муолажаларни ўз вақтида олаётганини билдирган"и айтилди.

Баёнотда келтирилишича, тиббий текширув 7 июнь куни Юсуповнинг онаси Ж. Бакаева тергов жараёнида ўғли жисмоний қийноққа солинаётганини айтиб, Бош прокуратура раҳбариятига мурожаат қилгани учун ўтказилган.

Саид-Абдулазиз Юсуповнининг хотини Дилфуза Юсупова жорий йилнинг майида эрининг тиббий ёрдамга муҳтожлигини айтган.

"Хўжайинимнинг аҳволлари оғир: оёқлари тромб бўлган - 7 йилча аввал операция бўлган. Юракларида тромб отвормаслиги учун стентлари бор, оёқларининг пастки қисми қон яхши юришмагани учун қорайиб кетган, очиқ яра жойлари бор. Лекин ўша куни адвокат аҳволи яхши эмаслигини айтган. Лекин бизга кўрсатмасдан ўзларини шифокори кўриб, “Қамоқда сақласа бўлади!”, деган хулоса ёзиб берган. Ҳозирда Гвардейский кўчасидаги қамоқхонадалар. Учрашишга рухсат беришмаяпти", деган эди Дилфуза Юсупова.

Бироқ Республика Суд-тиббий экспертиза маркази қон-томир касаллиги бўлган Юсуповнинг саломатлиги қамоқда сақланишига тўсқинлик қилмаслиги ҳақида хулоса берганди.

Эслатиб ўтамиз, Саид-Абдулазиз Юсупов шу йилнинг 10 майида Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноят (катта миқдорда фирибгарлик) содир этганликда гумон қилиниб ушланган ва ДХХ тергов ҳибсхонасига жойлаштирилган эди.

XS
SM
MD
LG