Ссылки доступа

Олмаотанинг Остона майдонида яна ҳибсга олишлар бўлди


Олмаотанинг Остона майдонида Марказий сайлов комиссиясининг мамлакатнинг амалдаги президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг муддатдан аввалги сайловларда ғалаба қозонгани ҳақидаги баёноти фонида фуқароларни ҳибсга олиш давом этмоқда.

Ҳодиса жойида Азаттиқ мухбири махсус бўлинмаларнинг ходимлари томонидан 20га яқин кишининг ҳибсга олинишига гувоҳ бўлди. Одамлар бирор бир шиорларни илгари сурмагани, шунчаки ҳодиса жойида сайр қилиб юрганликлари борасида полицияга айтаётган бўлишларига қарамай ҳибсга олинмоқда. Полиция ходимлари уларни бир нечта махсус автобусларга жойлаштирдилар.

Душанба куни юзлаб полиция ходимлари пойтахтдаги Ёшлар саройи олдида қолди. Маълумки, кеча бу ерда фуқаролар намойиш ўтказиб 9 июндаги сайловлар эркин ва ҳалол бўлмаганини таъкидладилар.

Қозоғистон ИИВ маълумотига қараганда, Олмаота ва Нур-Султонда «500га яқин киши» ушланди. Шу билан бирга душанба куни тарқатилган хабарлага кўра, қўлга олинганлар эрталабдан бошлаб кўчма судларга олиб бориш учун бошқа аҳоли пунктларига олиб кетилмоқда. Чунки “маъмурий жавобгарликка тортиладиганлар учун махсус жойлар етмаяпти». Ҳуқуқ ҳимоячиларнинг айтишларича, Олмаотада 9 июн куни полиция томонидан 400га яқин киши қўлга олинган. Нур-Султонда ҳам қўлга олинганлар сони юзлаб кишиларни ташкил қилиши айтилмоқда.

Марказий сайлов комиссияси, 10 июн, душанба куни, 9 июн куни бўлиб ўтган сайловларда мамлакатнинг амалдаги президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ғалаба қозонганлигини маълум қилди. Расмий маълумотларга қараганда, унинг номзоди учун сайловчиларнинг 70,76 фоизи овоз берган.

9 июнда бўлиб ўтган президентлик сайлови Қозоғистон янги тарихидаги олтинчиси бўлиб, шундан тўрттаси муддатдан аввал ўтказилган. Бу галги сайловда сўнги 30 йилда биринчи марта номзод сифатида, СССР тарқаб кетганидан сўнг мамлакатни бошқарган Нурсултон Назарбоев иштирок этмади. Овоз бериш жараёнида бир вақтининг ўзида Олмаота, Нур-Султон ва Чимкент шаҳарларида рухсат берилмаган норозилик акциялари бўлиб ўтди, иштирокчилар сайловларни бойкот қилишга чақирдилар.

XS
SM
MD
LG